2016-10-19 16:55:00

ЙЎЛЛАР СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШДА ЯНГИ ТАДҚИҚОТ

“Ўзавтойўл” акциядорлик компанияси тизимидаги Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институтида бугунги кунда кўплаб илмий ихтиролар ва тадқиқотлар устида иш олиб борилмоқда. Улардан бири – замонавий янги тадқиқот технологиясидир, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Мазкур технологияни харид қилиш ва уни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали Тошкент ҳамда Фарғона водийси вилоятларининг 376 километр узунликдаги минтақавий автомобиль йўлларининг ҳолатини диагностика қилиш ва кадастрдан ўтказиш, уларнинг таъмирида ишлатиладиган хомашёларни лаборатория текширувидан ўтказиш ва кейинчалик уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш мумкин.

Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги автомобиль йўллари таъмири устидан техник бошқарувни яхшилаш ҳамда республика ҳудудларидаги йўлларнинг ҳолатини олдиндан билиб, фаолиятни ушбу мақсадларга йўналтиришдир.

Институт раҳбари О.Зияевнинг фикрича, янги технология амалиётга жорий этилса, бир томондан, йўллардаги қурилиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши, бошқа томондан эса, мазкур ишларни юқори технологиялар воситасида замонавий усуллар ёрдамида дастурлаштириш ва режалаштиришда ушбу янги ускуна қўл келиши мумкин.

Нодира РЎЗИЕВА,

“Туркистон-пресс”