2016-10-24 17:19:00

ПОЙТАХТИМИЗДА “INFOLIB – 2016" V МИЛЛИЙ АХБОРОТ-КУТУБХОНА ҲАФТАЛИГИ БОШЛАНДИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “INFOLIB – 2016" V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди.

Унга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, ҳудудлар ва тармоқлардаги ахборот-кутубхона муассасаларининг ходимлари, ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар, ўқувчилар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билимларни эгаллаши йўлида мустаҳкам асос яратилганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикасининг "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги қонуни, мамлакатимиз аҳолисини ахборот-кутубхоналар билан таъминлашни ташкил этишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролар билан ахборот-кутубхона масканлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, маърифат масканларининг фаолияти, ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, ахборот-кутубхона фондларини ташкил этиш, асраш ва улардан фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда барча жабҳалар, айниқса, таълим, маърифий соҳаларга илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолиятини давр руҳи билан ҳамоҳанг йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган "INFOLIB – 2016" ҳафталиги китобхонлар, кутубхона тизими ходимларига манзур бўлаётир. 

Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш, маданий-маънавий меросимизни асраш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига интернет орқали сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, янги замонавий технологиялардан фойдаланиш, аҳолининг турли қатламларига кутубхона хизматини кўрсатишда маърифат масканларининг ижтимоий-маданий ролини оширишдан иборатдир. 

Бу йилги ҳафталикнинг ўзига хос жиҳати – юртимизнинг турли ҳудудлари, вазирлик ва идоралар таркибидаги ахборот-кутубхона масканлари фаолиятини кенг ва атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, илғор иш тажрибасини оммалаштиришдир. "Мустақилликнинг 25 йили: минтақалар ривожланиши динамикаси" номли видеомулоқот, "Энг яхши ахборот-кутубхона муассасаси мутахассиси – 2016" танлови, «Ахборот-кутубхона ресурслари каталогизациясининг долзарб масалалари» мавзуидаги тренинг, «Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларининг библиографик фаолияти: ривожланиш истиқболлари» мавзуидаги ўқув-семинар, «Замонавий ахборот технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, реставрация ва консервация қилиш, электрон базасини яратиш» ўқув-семинари, «Ахборот-кутубхона соҳасида маркетинг» номли тренинг каби тадбирлар ўтказилади. 

– Кутубхонамиз бой китоб фондига эга, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори Зуҳра Бердиева. – Бундай тадбирлар фаолиятимизни батафсил сарҳисоб этиш, илғор иш тажрибасини ўрганиш, китобхонларнинг фикрларини атрофлича билиб олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Ҳафталикнинг ҳар бир куни "Очиқ эшиклар", "Ижод", "Кўрик-танловлар", "Билимлар ва хорижий тиллар", "Маданиятлар хилма-хиллиги" куни деб номланиб, унинг доирасида мавзуга оид тадбирлар, учрашувлар, анжуманлар ўтказилади. 

Миллий кутубхона, Халқ таълими вазирлиги, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги "Ўқувчининг ахборот маданияти" номли ўқув-методик комплекси тақдимоти 1-4-синф ўқувчиларининг китобхонлик, интернет ва бошқа манбалардаги маълумотлардан фойдаланиш маданиятини оширишга хизмат қилса, "ZiyoNET" тармоғида масофавий таълим воситалари" номли ўқув дастурлар тақдимоти педагоглар, талабалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар учун бирдек қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Турли маданий-маърифий тадбирлар, шеърхонлик, мусиқа кечалари, янги адабиётлар тақдимоти, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, маърифий фильмлар намойиши бўлиб ўтади. 

Хорижий давлатларнинг элчихоналари, Британия кенгаши, Тошкентдаги Гёте институти билан ҳамкорликдаги тадбирларда хорижий маърифий дастурлар ҳақида тўлақонли маълумотлар берилса, миллий ҳунармандлик, тасвирий санъат, шахмат бўйича ташкил этиладиган маҳорат сабоқлари болаларнинг билимларини янада бойитади. Ҳафталик доирасида кутубхона ўқиш залларида янги адабиётларнинг очиқ кўргазмаси, нашриётлар ва китоб савдоси ташкилотларининг маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасида “Китоб уммони бўйлаб саёҳат” номли адабий савол-жавоб ўйини, «Таълим соҳасидаги ҳуқуқингизни биласизми?» номли викторина, «Жонажон юртим –менинг расмларимда», «Ўзбекистон келажаги – менинг тасаввуримда» деб номланган бадиий, адабий танловлар ёшларнинг тафаккурини чархлашга хизмат қилади. 

Ҳафталикнинг илк кунида ўқувчи-ёшлар учун Миллий кутубхонага экскурсия, концертлар, санъаткорлар билан учрашувлар, ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари учун ўқув-семинарлар, видеомулоқотлар, маърифий анжуманлар бўлиб ўтди. 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири