2016-10-28 16:18:00

“АРТИСТ” – ЁШЛАР ҲАЁТИГА БАҒИШЛАНГАН ЯНГИ СЕРИАЛ

Ёшлар ижод саройида ёш томошабинлар учун мўлжалланган янги “Артист” сериалининг суратга олиш якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ситком жанрида суратга олинган сериал муаллифининг сўзларига қараганда, мазкур фильм санъат оламига ўзининг илк қадамини қўйган, мақсади сари олға интилаётган ёшлар ҳаётининг муҳим даврини тўлиқ акс эттиради.”Артист” сериали хуш кайфият, дўстлар орасидаги самимий ва илиқ муносабатлар асосида яратилган. Сериал ғояси устида истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддинов ва сценарист Ёлқин Тўйчиевлар иш олиб боришган.

– Комедия жанридаги сериалнинг биринчи мавсуми ўн икки қисмдан иборат, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежисёр Аюб Шаҳобиддинов. – Сериални 2015-2016 йиллар давомида Тошкент шаҳрида суратга олдик. Унинг ҳар бир қисми учун  танланган мавзулар ёшлар ҳаётида юз бераётган салбий ва ижобий ҳолатлар, креатив воқеаларга асосланган ҳолда жойлаштирилганлиги билан аҳамиятли.

“Артист” сериалида бош ролларни Юлдуз Ражабова, Наргиза Салмонова, Акбархўжа Расулов, Дониёр Ҳафизов, Карим Мирходиев ва бошқалар ижро этишган. 

Тадбирда янги сериалнинг биринчи қисми намойиш этилди. Сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан сериал ижодкорларига мурожаат қилишди ва атрофлича жавоб олишди.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири