2016-11-01 15:47:00

САМАРҚАНДДА МЕВА-САБЗАВОТ ЯРМАРКАСИ

Биринчи бор ўтказилаётган мазкур ярмаркада Самарқанд вилоятининг барча туманларидан мева-сабзавот ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўзлари етиштирган 50 турдан ортиқ маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи, захираловчи ва экспортчи корхоналарга намойиш этмоқда.

Ушбу ярмарканинг аҳамиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур ярмарка ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўртасида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ва маҳсулот таннархи ошиб кетишининг олдини олишга ҳам қаратилган.

– Биз ўтган йили ўзимиз етиштирган 500 тоннага яқин қишлоқ хўжалик маҳсулотини Россия давлатига экспорт қилгандик, – дейди Самарқанд туманидаги "Аъзам Азамат Агро" фермер хўжалиги иш юритувчиси Раҳмат Нуриев. – Бугунги ярмаркада ҳам хўжалигимизда етиштирилган узум, нок, анор, қовун, гулкарам, саримсоқпиёз каби полиз-сабзавот маҳсулотларига қизиқиш катта бўлмоқда. Бир нечта маҳаллий қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар билан келишувга эришдик.

Айтиш керакки, 2017 йилда вилоятда 670 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилиши кўзда тутилмоқда. Шундан 430 минг тоннаси қайта ишлаш, 38,5 минг тоннаси захирага ва 200 минг тоннадан ортиғи экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Ўтказилаётган ярмаркада ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар шу каби талаб ва таклифлар борасида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

«Туркистон-пресс»