2016-11-02 16:25:00

“ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК”: ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШИ ФАРОВОНЛИГИ ЙЎЛИДА ҲАМҚАДАМ

Мустақил тараққиётимиз йилларида банк-молия соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада банклар мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш орқали молиявий хизмат турларини кенгайтириб бормоқда. Бунда “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Бугунги кунда банкнинг 42 та филиали, 48 та минибанк ва 185 та шахобчалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар орқали 720 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар мақомидаги мижозларга банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида банк фаолиятининг асосий даромад манбаи ҳисобланган банк активлари ҳажми, таркиби ва даромадлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда мижозлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ўз натижасини бериб, банкнинг кредит қуйилмалари миқдори кўпайиб бормоқда.

Жами кредит қўйилмаларининг 206,3 миллиард сўми саноат, 241,7 миллиард сўми савдо ва умумий овқатланиш, 139,2 миллиард сўми қурилиш ва транспорт, 115,2 миллиард сўми қишлоқ хўжалиги тармоқларига йўналтирилган бўлса, 3649,3 миллиард сўми имтиёзли ипотека кредитларига ва 250,2 миллиард сўми иқтисодиётнинг бошқа турли соҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Банк томонидан иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкнинг инвестицион жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш борасида муайян ишлар олиб борилиб, ажратилган кредитлар миқдори 1.675,9 миллиард сўмни ташкил этди. Хусусан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар ўтган йилнинг шу даврга нисбатан 182,0 миллиард сўмга ортиб, 2016 йил 1октябрь ҳолатига 672,3 миллиард сўмни ташкил этди.

Банк филиаллари томонидан аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини ташкил этишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ажратилган микрокредитлар миқдори 192,5 миллиард сўмни ташкил этди.

“СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 9 февралдаги “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури” тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ тизимида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича 2016 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастури” ишлаб чиқилди. Унда республикамизнинг қишлоқ жойларида сервис хизматларини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 9 ойи давомида 53,2 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Аёлларнинг уй меҳнатини енгиллаштириш ва маиший шароитларни яратиш мақсадида истеъмол товарлари ва кўрсатилаётган хизматлар учун маиший ва ошхона электр жиҳозларини харид қилишга ҳамда ёш оилаларга 3,9 миллиард сўм миқдорида истеъмол кредитлари ажратилди.

Касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятларини ташкил этиш, уларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш учун касб-ҳунар коллеж битирувчиларига 22,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида ёш оилаларга 60,1 миллиард сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди. Банк томонидан хотин-қизлар ҳамда ёшларни маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркор аёллар раҳбарлик қилаётган  хўжалик субъектларига 96,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларига, оилавий тадбиркорлар ҳамда касаначиликка 35,4 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди.

БАНК ИНВЕСТИЦИОН ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ БОРАСИДА

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш билан боғлиқ инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, шу билан бир қаторда, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани янада ривожлантириш, хусусан қишлоқ жойларда замонавий уй-жойларни барпо этиш билан боғлиқ фаол тадбирлар олиб борилди.

Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари фаолиятини кенгайтириш, техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида банк томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 306,8 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция кредитлари ажратилди.

2016 йил 9 ойи давомида иқтисодиётнинг барча устувор тармоқларида фаолият юритувчи хўжалик субъектларининг кўплаб инвестиция лойиҳалари молиялаштирилди. Хусусан, саноат соҳасининг 72,4 миллиард сўмлик, қишлоқ хўжалигининг 26,9 миллиард сўмлик, транспорт ва коммуникация соҳасининг 43,4 миллиард сўмлик, қурилиш соҳасининг 38,1 миллиард сўмлик, моддий-техник таъминот ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасининг 52,1 миллиард сўмлик ҳамда бошқа секторларда фаолият юритувчи субьектларининг 73,9 миллиард сўмлик лойиҳаларига инвестиция кредитлари жалб қилинди.

УЙ - ЖОЙ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ БОРАСИДА

Мамлакатимиздда бир неча йилдан буён қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланиб қишлоқда сифатли уй-жойларни қуриш, ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш ҳамда мамлакатимиз қишлоқлари қиёфасини бутунлай янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг қамровли қурилиш дастури амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу қурилиш дастурини давом эттириш мақсадида, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 29 январдаги 2016 йил учун турар жой мавзеларини қуриш ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги турар жойлар қурилиши индустриал базасини янада ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан, 2016 йил дастурига мувофиқ республикамизнинг 151 та қишлоқ туманларида жойлашган 300 та ер массивларида умумий майдони 1823,7 минг квадрат метр бўлган 2.450,5 миллиард сўмлик 13000 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 25 декабрдаги “2016 йил учун Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори талабларига асосан “Қишлоқ қурилиш банк” АТБтомонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар ва улар билан бирга инфратузилма объектлари қурилишини молиялаштириш учун Ислом тараққиёт банки ва Саудия тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.

Ислом тараққиёт банкининг 20,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари 2016 йил дастури бўйича Тошкент вилоятида қуриладиган 315 та уй-жойлар учун йўналтирилиши режалаштирилди ва ҳисобот даврида 58,8 миллиард сўмлик, яъни 20,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Ислом тараққиёт банки маблағлари тўлиқ жалб қилинди.

Шунингдек, жорий йилда Саудия тараққиёт фондининг 60,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари жалб қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидаги 1627 та уй-жойларнинг қурилишини молиялаштириш режалаштирилди. Хоразм вилоятида қурилиши режалаштирилган 959 та уй-жойлар қурилишига 30,0 миллион АҚШ долларини жалб қилиш бўйича 2015 йил 28 июлда Саудия тараққиёт фонди билан банк ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасида қурилаётган 668 та уй-жойлар қурилишини молиялаштириш бўйича 2016 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларда турар-жой қурилишини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда Саудия тараққиёт фондининг 98,5 миллиард сўмлик яъни, 33,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари тўлиқ ўзлаштирилди.

ПУЛ МУОМАЛАСИНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШ БОРАСИДА

Банк омонатлари таркибида муддатли ва жамғармали омонатлар салмоғини ошириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан бир қанча миллий валютада “Соғлом авлод учун”, “Бахтли бола”, “Мустақил юртим” каби жозибадор муддатли омонат турлари жорий қилинди.

Шу билан бирга аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида юқори фоизли “Коммунал”, “Қулай тўлов”, “Тежамкор” каби мақсадли омонат турлари жорий қилинган бўлиб, ушбу омонатларга ҳисобланган фоизлар омонатчининг уй-жой коммунал тўловлари учун йўналтирилиши йўлга қўйилган.  

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБтомонидан аҳоли омонатларини янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида, 2016 йил 1 октябрь ҳолатига 35 та доимий омонат турларига маблағлар жалб этилган бўлиб, шулардан 25 таси миллий валютада, қолган 10 таси хорижий валютадаги омонат турларидир.

Бунинг натижасида 2016 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра банкнинг жами омонатчилари 76 минг нафардан ошди ва уларнинг банкдаги қўйилмалари 213,1 миллиард сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 36,9 миллиард сўмга ёки 121,0 фоизга ўсишга эришилди. Нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш борасида банк томонидан изчил фаолият юритилмоқда. Хусусан, банк томонидан йилнинг ўтган даври давомида 1 100 та мобиль терминаллар ва 50 000 дона пластик карточкалар банк филиалларига етказиб берилди.Терминаллар тармоғини кенгайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ташкил этилган тадбирлар натижасида, тизим орқали ўтказилаётган тўловларнинг бир неча баробарга ошиши кузатилди.

Бугунги кунда, банкнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи инфокиосклари тармоғи 91 та инфокиоск ва 5 та банкоматлардан иборат. Банк мижозларига инфокиосклар орқали амалга ошириладиган хизмат турларини кенгайтириш мақсадида янги хизмат – жисмоний шахслар томонидан олинган кредитларнинг асосий қарз ва уларга ҳисобланган фоиз тўловларини 24/7 режимида қабул қилиш хизматлари жорий қилинди. Шунингдек, ушбу қурилмалар орқали тўлов турларини кенгайтириш мақсадида бир нечта хизмат кўрсатувчи корхона ташкилотлар учун тўловларни амалга ошириш имконияти яратилди.

Банкнинг “UZKART-EMV” тўлов тизимидаги фаолиятини янада такомлаштириш, терминаллар тармоғини кенгайтириш, “оn-line” режимида ишловчи “Smart-vista” карточкаларини муомалага киритишни жадаллаштириш, улар орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида доимий иш олиб борилмоқда. Жумладан, банк пластик карточкаларидан фойдаланувчилар учун P2P-тўловлар янги хизмати жорий қилинди. Ушбу хизмат бир жисмоний шахснинг пластик карточкасидан иккинчи бир шахснинг пластик карточкасига махсус сайтлар, мобиль иловалар орқали маблағларни ўтказиш имконини беради. Тизимнинг қулайлиги шундаки, жисмоний шахслар ўзларининг пластик карточкаларидан куннинг исталган вақтида бошқа жисмоний шахснинг пластик карточкасига “оn-line” режимида пул ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.

БАНК ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БОРАСИДА

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш ва ривожлантириш борасидаги бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари қаторига киритилган “Иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш”, ”Электрон ҳукумат” тизими яратилишини тубдан жадаллаштириш” вазифаси ҳамда банкнинг функционал бошқармалари талабларидан келиб чиққан ҳолда ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича доимий ишлар амалга оширилмоқда. 

“Қишлок қурилиш банк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги ўртасида “электрон қайднома” тизими йўлга қўйилди.

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан улар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорликни “Ўзбекэнерго” акциядорлик компаниясининг акцептли электрон тўлов талабномалари орқали ундириб олиш бўйича дастурий модул ишга туширилди ва ушбу тизим орқали маълумот алмашинуви амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Жисмоний шахслар учун “Мобил-банкинг” ва “Интернет-банкинг” хизматларини жорий қилиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.

“Интернет-банкинг” хизматидан фойдаланувчи юридик шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида, янги “Корпоратив интернет-банкнинг” тизими жорий қилинди.

“Интернет-банкинг”, “SMS-банкинг” каби банк хизмат турлари доираси кенгайтирилиб, 2016 йил 1 октябр ҳолатига “Интернет-банкинг” тизимидан фойдаланувчи мижозлар сони 2816 тани, “Мобил-банкинг” тизимидан фойдаланувчилар сони 385 тани ва “SMS-банкинг”дан фойдаланувчи мижозлар сони 18 330 тани ташкил этди.

Банкда фойдаланилаётган “Germes” электрон ҳужжат айланиш тизимининг янги версияси жорий қилинган бўлиб, ушбу тизимга барча банк филиаллари уланиб ишлаши йўлга қўйилди.

“Moody's Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2016 йилнинг 20 майида “Қишлоқ қурилиш банк”ка контрагент рискини баҳолаш бўйича В1 рейтинг даражаси, банкнинг миллий валютадаги узоқ муддатли депозитлари бўйича В2 ҳамда молиявий баркарорлик бўйича В3 рейтинг даражасини берди. Барча рейтинглар истиқболи “Барқарор” деб қайд этилган.

Бир сўз билан айтганда “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар иқтисодиётимиз юксалиши, пировардида, халқимиз турмуши фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири