2016-11-03 12:34:00

СИРДАРЁДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Гулистонда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масаласига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, ЮНИСЕФ, Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари масъул ходимлари, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Хусусан, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан этук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Татбирда таъкидланишича,вилоятдаги 151 мактабгача таълим муассасасида 20 мингга яқин бола тарбияланмоқда, Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, кўргазмали семинарлар ташкил этиш йўлга қўйилган. “Йилнинг энг яхши таълим муассасаси”, “Энг намунали мудира”, “Йил тарбиячиси” кўрик-танловлари мунтазам ўтказилмоқда. Айниқса, “Зумрадойлар давраси”, “Сирдарёнинг жажжи гўзали”, “Биз инглизча сўзлашамиз” кўрик-танловлари, “Соғломжон-полвонжон”, “Шахмат-шашка”, “Кичкинтой-ширинтой” каби спорт беллашувлари болаларнинг соғлом улғайишига хизмат қилиши билан бирга, уларда ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда вилоятдаги 71 мактабгача таълим муассасаси 12 турдаги ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. 12 таси тубдан реконструксия қилиниб, моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди.

Тадбирда мактабгача таълим муассасаларида замонавий шароит яратиш, уларни молиялаштириш, бола шахсини ривожлантиришга қаратилган таълим тамойиллари, болаларнинг хорижий тилларни ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратиш, бу борада эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш юзасидан фикр алмашилди.

“Туркистон-пресс”