2016-10-12 11:23:00

ШОНЛИ ТАРИХИМИЗДАН СЎЗЛОВЧИ МАСКАН

Давлатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида асрлар давомида аждодларимиз яратган улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклашга катта аҳамият берилди. Ўзбекистон халқи ўз тарихини тиклаш, ҳақсиз унутилган номларни, жаҳон ривожланишида муҳим роль ўйнаган тарихий шахсларни ёруғликка чиқариш имкониятига эга бўлди.

Моҳир саркарда ва сиёсатчи, ислоҳотчи, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темур ана шундай шахслар қаторида турарди.

Биринчи Президентимизнинг фармони билан 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилинди ва унинг 660 йиллик юбилейи республикамизда кенг нишонланди. 1996 йилнинг 14 мартида эса Темурийлар тарихи давлат музейи биносини барпо этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда янгидан янги музейлар ташкил этилиб, бугунги маданий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланди. Уларнинг ичида Темурийлар тарихи давлат музейининг ташкил этилишини жаҳоншумул воқеа деб баҳолаш мумкин.

Темурийлар тарихи давлат музейи Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ва анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида барпо этилди.

Музей халқимиз ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида 1996 йилнинг 18 октябрида тантанали равишда очилди.

Бинонинг ташқи кўринишига, салобатли мовий гумбазига назар ташлаган томошабин кўз ўнгида шаклан Самарқанддаги  Гўри Амир мақбараси намоён бўлади. Музей ўрта асрлар меъморчилиги қонун-қоидалари анъаналаридан фойдаланиб қурилсада, замонамиз руҳига мос ҳолда яратилган.

Бугунги кунда музей фондидаги ашёлар 5000 га яқиндир. Музей экспозициясидан 2000 дан ортиқ экспонат ўрин олган.   Ҳозирда музей экспозициясида намойиш этилаётган ва фондларида сақланаётган экспонатлар Темурийлар тарихидан сўзловчи ноёб ёдгорликлардир.

Музей экспозициядан Амир Темурнинг шажараси, ҳокимият тепасига келиши, ҳарбий юришлари, дипломатик муносабатлари, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, ободончилик, илм-фанни ривожлантириш ва машҳур темурий ҳукмдорлар ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар (хариталар, қурол-аслаҳалар, кумуш ва мис тангалар, миниатюралар,ноёб қўлёзмалар, кулолчилик, мисгарлик, заргарлик буюмлари, матолар ва ҳ.к.) ўрин олган. Амир Темур ва темурийлар даврида меъморчилик санъатининг юксак ривожланганлигини акс эттирувчи меъморий обидалар: Оқсарой, Аҳмад Яссавий мақбараси, Бибихоним жоме масжиди, Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонаси, Гўри Амир, Тожмаҳал мақбараларининг макетлари ҳам намойишга қўйилган.

Музей хазинасини Франциядаги Лувр музейи томонидан совға қилинган Амир Темур сиймосининг нусхалари, Эрон элчихонасидан Амир Темур ва темурийларнинг қўшни давлат ҳукмдорлари билан ёзишмалари, Ҳиндистон элчихонасидан бир нечта қўлёзма саҳифаларидан нусхалар, Покистон, Хитой элчихоналари, Малайзия, Қозоғистон, Россия, Грузия, Туркия ва бошқа давлатлар, шунингдек юртдошларимизнинг совғалари янада бойитган. “Совғалар” кўргазмаси билан танишган томошабин бунга гувоҳ бўлади. 

Музейга хорижий давлатларнинг арбоблари, расмий делегациялар ҳам ташриф буюрмоқда. Улар Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи билан танишиб, жуда катта таассурот олмоқдалар. Шу давр мобайнида музейга жаҳоннинг турли давлатларидан 800 яқин расмий меҳмонлар ташриф буюрдилар ва Темурийлар даври тарихи билан танишиб, «Музейнинг фахрий меҳмонлар китоби»га ўзларининг таассуротларини, самимий дил сўзларини ёзиб қолдирганлар. Улар асосида музейда «Дастхатлар» кўргазмаси яратилди.

Музей ташкил этилганига 20йил тўлган бўлса, шу давр мобайнида у халқимизнинг севимли зиёратгоҳига айланди.

Ёш авлодни тарихимизга, буюк шахсларга, аждодларимиз меросига юксак ҳурмат ва эътибор руҳида тарбиялашда музейда олиб  борилатаётган ишларнинг ҳам муҳим аҳамияти бор. Музей мактаб, лицей, коллежлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Музей ўз экспонатлари билан халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, ўзбек халқининг бой моддий ва маънавий меросини жаҳонга тарғиб қилиб келмоқда, хусусан, Францияда ўтказилган “Темурийлар ренессанси”, Германиянинг Ганновер шаҳрида ўтказилган «Экспо – 2000», Австралиянинг Сидней шаҳридаги Паурхаус музейида ўтказилган «Ёрқин гуллар: Марказий Осиё газламалари ва керамикаси» халқаро кўргазмаларда музейнинг ноёб экспонатлари намойиш этилди. Музейда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Ноёб қўлёзмалар»,  Эрон элчихонаси билан ҳамкорликда “Амир Темур ва Темурийлар даври миниатюралари”, Ўмон Султонлигининг Ҳужжат ва архивлар Миллий бошқармаси билан ҳамкорликда “Узоқ ва яқин Ўмон” кўргазмалари  ташкил этилди.

Музейда тўпланган ашёлар, олиб борилаётган тадқиқотлар асосида ўзбек халқининг давлатчилиги тарихи, бой моддий ва маънавий мероси кенг жамоатчиликка намойиш қилинмоқда.

Ушбу бино нафақат музей сифатида, балки Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганувчи илмий марказ сифатида халқимизнинг давлатчилик тарихини ёритиб берувчи, аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий меросини ўзида мужассамловчи ва илмий тадқиқ этиб келажак авлодга етказувчи ягона объект ҳам ҳисобланади.

 Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўз тарихи ҳақида билимини чуқурлаштириш, айниқса ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида, мазкур давр тарихига давлат кўламида алоҳида эътибор қаратилди ва ушбу тарихни ҳар томонлама илмий ва амалий йўналишларда изчил ўрганиб бориш ҳамда тарғиб қилиш кун тартибидаги долзарб вазифалар қаторига қўйилди. Ана шу талаб ва долзарбликдан келиб чиқиб, ўтган даврда Темурийлар тарихи давлат музейида иккита фундаментал тадқиқот – “Темурийлар даври ренессанси” (2002 – 2006), “Темурийлар даври ёзма ёдгорликларининг Ўзбекистонда ва хорижда ўрганилиши” номли тадқиқотлар муваффақият билан ишланди.

Музей жамоаси келгусида музейни мамлакатимизда Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганувчи ва тарғиб қилувчи асосий маънавий-маърифий, илмий марказга айлантириш, экспозициясини темурийлар даври тарихига оид ёдгорликлар билан бойитиш, чет эл музейлари билан алоқаларни янада янги поғоналарга кўтариш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш кабиларни ўз олдига мақсад қилган.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири