2016-10-20 13:07:00

МУЗЕЙЛАР – ЎТМИШ ВА КЕЛАЖАК НАМОЙИШИ

Мустақил тараққиётимиз йилларида тарихий, маданий-маънавий меросимизни қайта тиклаш, уларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон тарихи Давлат музейи қайта ташкил этилгани ҳам бу эзгу ишларнинг ёрқин намунаси бўлди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эса музейларимиз ривожида катта бурилиш ясади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон тарихи Давлат музейи энг йирик илмий-маърифий марказлардан ҳисобланиб, унинг жамғармасида 300 минга яқин экспонат мавжуд. Улар орасида нумизматика, археология, тангашунослик ва этнографияга оид кўплаб қимматли жамламалар бор.

Ўзбекистон тарихи Давлат музейининг янги экспозицияси Ўзбекистон ҳудудида тарихий-маданий жараёнларнинг энг қадимги даврлардан бошлаб ҳозирга қадар бўлган тараққиётини ашёвий далиллар ва тасвирий воситалар орқали намойиш этишга қаратилгандир. Умумий сатҳи қарийб 2 минг квадрат метр бўлган бинонинг учинчи ва тўртинчи қаватини эгаллаган мазкур экспозицияда 10 мингга яқин экспонат жойлашган. Уларда ўзбек давлатчилигининг шаклланиши тарихи, ўзбек халқининг бой анъаналари ва маданияти ифода этилган.

Дастлабки экспозициядаги ибтидоий тузим даврини ифодаловчи экспонатлар Ўзбекистон ҳудуди Шарқ цивилизациясининг энг қадимги ўчоқларидан бири бўлганлигидан гувоҳлик беради. Деҳқончилик ва чорвачилик асосида ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, дастлабки кимёвий-технологик билимлар асосида ҳунармандчиликнинг ривожланиши, диний тафаккур ривожида зардўштийликка асос солиниши, қадимий Шарқнинг юқори даражада ривожланган марказлари билан ўзаро маданий алоқалар, мураккаб ички тузилмаларга эга бўлган қалъа ва илк шаҳарларнинг пайдо бўлиши йирик давлатларнинг ташкил топишида катта роль ўйнади. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ўзига хос ривожи ва ўзаро боғлиқлиги, Ўзбекистон халқларининг аҳмонийлар, македонияликлар ва сосонийларга қарши кураши, хоразмийлар, бақтрияликлар, Фарғона давлати ҳамда Кушон салтанати ҳақидаги маълумотлар ҳам жуда яхши ёритилган. Залларда намойиш этилаётган аждодларимизнинг эрамиздан аввалги ва эрамизнинг минг йилликларида маданияти юқори бўлганлигини ўзида мужассам этган ашёлар мазмун-моҳиятининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Буларнинг кўпчилиги дунё маданияти ва санъатининг бебаҳо намуналари ҳисобланади.

Девор ёзувлари, ҳайкалтарошлик тасвирлари, буддавийлик мавзуи билан боғланган меъморчилик ишлари экспозициядан алоҳида ўрин олган.

Ўзбек халқининг ўрта асрлардаги буюк маданий мероси ҳам экспозицияда ўз ифодасини топган. Айниқса, Темур ва темурийлар даврига бағишланган экспозицияда Амир Темур саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, фан ва маданиятнинг юқори даражада ривожланганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатларни кўриш мумкин.

XVIII-XIX асрларда ҳунармандчиликнинг юксак даражада ривожланганлиги экспозициядаги сопол, кандакорлик маҳсулотлари, Бухоро бахмаллари ва адраслари ҳамда зардузлик санъати намуналарида ўз аксини топган. Шунингдек, мамлакатимизнинг кейинги тараққиёти, хусусан, мустамлакачилик давридаги озодлик учун олиб борилган курашлар, маърифатпарварларимизнинг ўз ватанини маърифатли, фарован ва озод қилиш учун олиб борган курашлари хариталар, суратлар, рангтасвир воситалари орқали ёрқин намоён этилган.

Музейнинг охирги экспозицияси мустақилликка эришган Ўзбекистон Республикасининг қисқа давр ичида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларидаги эришган улкан ютуқларига бағишланади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини топган давлатлардан бирига айланди. Қисқаси, тарихий тараққиёт ва маданий ривожидаги узвийлик музей воситаларида миллатнинг бир бутун яхлит тарихи сифатида кўрсатилган.

Бугунги кунда йирик илмий-маданий марказлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон тарихи Давлат музейида ўзбек халқининг тарихи холисона яратилди.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири