2016-11-08 16:18:00

Сайлов жараёнини ишончли ва хаққоний ёритишда журналистнинг касб маҳорати масалалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизнинг истиқлол йилларида сайлов жараёнларини демократлаштириш, чинакам сўз ва ахборот эркинлиги, сиёсий плюрализм ҳамда фикрлар хилма-хиллиги тамойилларини таъминлаш учун ҳуқуқий ва ташкилий-техник шароитлар яратиш, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш борасида эришган ютуқлари муҳокама қилинди. Тадбирда Қонунчилик палатасининг депутатлари, олимлар, ахборот соҳаси ва сайлов жараёнлари экспертлари, журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчилари қайд этганидек, жамиятда очиқ, эркин фикр алмашиш йўлга қўйилгани, оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шароитлар яратилиб, сайлов жараёни субъектлари фаолиятининг очиқлиги таъминланганлиги хақиқий демократик, шаффоф ва адолатли сайловларни ташкил этишда муҳим асос бўлмоқда. Фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириши ва мустақил танлов ҳуқуқини амалга ошириши бевосита ахборот соҳасидаги ахборотни олиш ва тарқатиш эркинлигига асосланади.

Шу боис, Ўзбекистонда сайловларда чинакам сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилиб, муҳим натижаларга эришилди. Мустақиллик йилларида ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи юксак демократик стандартларга жавоб берадиган мустаҳкам қонунчилик базасининг яратилгани кенг қамровли мазкур фаолиятнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистонда яратилган норматив-ҳуқуқий база тенг ва плюралистик сайлов жараёнини ташкил этиш имконини таъминлайди. Сўнги йилларда ахборот соҳасини самарали тартибга солиб келаётган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистик фаолиятини химоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари билан бир қаторда миллий оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқлари ва ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиришга қаратилган қатор қонун хужжатлари ҳам қабул қилинди.

“Давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Электрон хукумат тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот ҳуқуқини амалга ошириш бўйича давлат кафолатларини кенгайтириш ҳамда давлат органлари ихтиёрида бўлган ахборотлардан жисмоний ва юридик шахсларнинг монеликсиз фойдаланишини таъминлаш учун ҳуқуқий асосни шакллантиришда муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди.

Семинарда оммавий ахборот воситалари демократик жараёнларнинг субъекти хисобланиб, сайловларни тайёрлаш ҳамда ўтказиш даврида ўзига хос муҳим сиёсий рол ўйнаши таъкидлаб ўтилди. Улар сайловчиларни хабардор қилиш, сайловолди ташвиқоти воситаси ва жамоатчилик назоратининг муҳим шакли бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам сайловларни ўтказиш даврида муҳим маърифий ва коммуникацион рол ўйновчи миллий масс-медианинг мустақиллик йилларида жадал ривожланганлиги мамнуният билан эътироф этилди. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг сони босма, теле-радио-студиялар, ахборот агентликлари билан биргаликда 1463 тага етди, интернет-нашрлар сони эса 380 тадан ортиқни ташкил этмоқда, шунингдек ушбу веб-сайтлар нафақат ўзбек ва рус тилларида, балким дунёнинг 7 та тилларидаги тахририга эга.

Семинар давомида сайлов жараёнини ишончли ва хаққоний ёритишда журналистларнинг касб маҳорати, электрон оммавий ахборот воситалари орқали сайлов жараёнидан аҳоли хабардорлигини таъминлашнинг амалий жихатлари, шунингдек сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди.

Семинар иштирокчилари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Бугунги кунда «.UZ» зонаси доирасидаги фаол домен номлари сони 29,7 минг донадан ортиқни ташкил этмоқда. Интернет тармоғидаги миллий веб-сайтлардан ҳар ойлик фойдаланувчилар сони ўртача 27,7 млн. кишини ташкил этиб, уларнинг 54% дан ортиғи мобил қурилмалар орқали фойдаланувчилар хисобланади.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида халқаро Интернет каналининг ўтказувчанлик қобилияти 2015 йилда 2 баравар оширилиб, 80 Гбит/с га оширилди, Интернет тармоғига фойдаланиш тезлиги эса 41,9 Гбит/с гача кенгайтирилди (ўсиш 193%). Шу билан бирга Интернет канали нархининг 49,0% га пасайтирилиши, Интернет тармоғидан фойдаланувчилар сонини 13,069 млн. тага етказиш имконини берди.

Тадбир давомида иштирокчилар сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар фаолияти тўғрисида фуқароларни хабардор қилишнинг энг сўнгги технологиялари билан танишдилар. Шунингдек, етакчи миллий оммавий ахборот воситаларининг сиёсий партиялар ва сайлов комиссиялари билан журналист фаолиятини ташкил этиш борасида самарали ва фойдали тажрибалари билан танишиш имкони яратилди.

Семинар якунида фуқароларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш борасида журналистлар ва сайлов жараёни субъектлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

"Туркистон-пресс”