2016-11-09 14:54:00

ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК — ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва қатор ташкилотлар томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва амалиёт: ОАВнинг ролини ошириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, аҳолини юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим негизи экани таъкидланди. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВ ролини янада кучайтириш, шунингдек, давлат ва жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолиятини фаолллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида 2014 йил 5 майда  қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги  қонун бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда давлат ва жамотчилик ишларини бошқариш жараёнига фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлик ҳамда самарадорлик даражасини ошириш, ушбу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг кенг иштирокини таъминлаш чоралари кўзда тутилган.

Давра суҳбатида “Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва ошкоралигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ахборот хизматлари фаолияти: ютуқ ва камчиликлар”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлигини таъминлашда ОАВ роли ва вазифалари” мавзусида маърузалар тингланди ва улар асосида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири