2016-11-11 13:08:00

ЕР ВА СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ — КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАС ВАЗИФА

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг  сайловолди дастурида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишқишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа деб белгиланган.

Бу борада замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта экишни қисқартириш, сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, юқори технологияга асосланган интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш билан биргаликда олиб борилади.

Масалан, кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолиб, фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашаётгани кузатилмоқда. Томорқалардан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас. Ваҳоланки, Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида февраль ойидан бошлаб бемалол 3 марта ҳосил олиш имкони бор.

Шунинг учун  яқинда ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2017-2019 йилларда тупроқ унумдорлиги паст ерлар ҳисобидан ушбу ҳудуднинг қарийб 27 минг гектар пахта ва 5000 гектар ғалла майдонларини қисқартириш белгиланди. Ушбу майдонларда сабзавот ва мева етиштирилади, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар ташкил қилинади. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳажми кескин кўпайиб, қўшимча қийматли экспортбоп маҳсулотлар тайёрланади. Хусусан, 2019 йилга келиб вилоятда пахта етиштириш 64,8 минг тоннага қисқариб, 264 минг тоннани ташкил этади. Донли экинлар етиштириш 20,6 минг тоннага кўпайиб, 474 минг тоннага етади. Картошка етиштириш 52 минг тоннага кўпаяди ва 118 минг тоннага чиқади. Сабзавот етиштириш кўрсаткичи 390 минг тоннагача кўпайиб,  890 минг тоннагача ошади. Мева етиштириш 60 минг тоннага кўпайиб, 172 минг тоннага етади. Озуқабоп экинлар етиштириш деярли икки баробар —  60 минг тоннага ўсади ва 125 минг тоннани ташкил этади. Бошқа экинларни етиштириш 27 тоннага ошиб, 182 минг тоннага бориши мўлжалланмоқда. Бундан ташқари,  8770 гектар майдондаги эски ва самарасиз боғлар ва узумзорларни кесиш, уларнинг ўрнида сабзавот-полиз экинлари, картошка, интенсив боғлар ва узумзорларни жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Маълумки, илгари  юртимизнинг ёғ-мой ишлаб чиқариш соҳаси корхоналари асосий эътиборни пахта ёғи ишлаб чиқаришга қаратган бўлса, бугун кунгабоқар, соя, махсар ёғлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирмоқда. Шу муносабат билан кунгабоқар ва бошқа мойли ўсимликлар етиштириладиган экин майдонларини кенгайтириш чора-тадбирлари  доирасида Сурхондарё вилоятида 2019 йилга бориб мойли ўсимликлар етиштириш ҳозирги 300 тоннадан 5,5 минг тоннагача кўпайиши кутилмоқда.  Яна бир эътиборли жиҳати, мамлакатимиз жанубида пахта етиштириш майдони яқин уч йил ичида 26,8 минг гектарга қисқаришига қарамай, ингичка толали пахта навлари майдонларини босқичма-босқич кенгайтириш, мавжуд пахта тозалаш заводларини ингичка толали пахта навлари хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослаштириш назарда тутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган ушбу тадбирларнинг амалга ошиши, албатта, аҳолининг манфаатдорлиги ошиши ва даромади янада кўпайишига олиб келади. Сурхондарё вилоятидаги бу илк тажриба муваффақият қозонса, бошқа вилоятларда ҳам ҳаётга  тадбиқ қилинади. 

Партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастури шиорларидан бири: “Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!” Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тарраққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин деганлар биз, сурхондарёлик фермерлар томонидан қўллаб-қувватланаётган ушбу номзод учун овоз беришларига чақирамиз.

“Туркистон-пресс”