2016-11-16 15:31:00

“ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК”ДА ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ЯНГИ БОШҚАРМА ШУҒУЛЛАНАДИ

“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки тизимида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинди. Мазкур бошқармага тегишли штат бирликлари ажратилиб, уларга малакали кадрлар ишга жалб этилди.

Эндиликда мазкур бошқарма жисмоний ва юридик шахсларларнинг ариза, шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя қилинишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасидан тушаётган ҳар бир мурожаатни амалий ҳал этиш чораларини кўриш, ёзма (электрон) ва оғзаки мурожаатларнинг мазмун-моҳиятини таҳлилий ўрганиб бориш, келгусида уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларниқабул қилиш, кичик бизнес субъектларига, тадбиркор аёлларга, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кредит ажратиш масалаларида келиб тушаётган мурожаатларни дарҳол ҳал қилиш, уларнинг рўйхатини юритиш ва банк ходимларининг амалдаги қонунларга қатъий риоя қилишлари устидан назоратни кучайтириш каби бир қатор вазифаларни бажаради.

Мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини изчил такомиллаштириб бориш, бу борада сансалорликка йўл қўймаслик ва мурожаатларнинг ўз вақтида ечимини топишда мазкур бошқарманинг ўрни салмоқли бўлиши кутилмоқда.

“Туркистон-пресс”