2016-11-16 15:52:00

ҚЎҚОН ШАҲАР МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ ЯНГИ КЎРИНИШДА

Қўқон шаҳар мусиқали драма театри биноси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Ф.Жалолов, Ўзбекистон халқ артистлари Ё.Аҳмедов, Ё.Ҳотамова, М.Азизов, Ё.Саъдиевва бошқалар мамлакатимизда миллий театр санъатини ривожлантириш, санъатимизнинг мумтоз анъаналарини асраб-авайлаш, янги саҳна асарлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлашди.

Фарғона вилоятида ҳам театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги уч йилда Фарғона шаҳрида театр-концерт саройи, вилоят қўғирчоқ театри қуриб битказилди, вилоят рус драма театрининг биноси янгидан реконструкция қилинди.

Қайта реконструкция қилиниб, янги қиёфа касб этган Қўқон шаҳар мусиқали драма театри биноси ҳам санъат ихлосмандлари, театр фидойилари, кенг жамоатчилик учун ўзига хос туҳфа бўлди.

Бунёдкорлик ишлари “Ҳосил-2001” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан амалга оширилиб, 2 миллиард 400 миллион сўмга яқин маблағ сарф этилди. Айни пайтда томоша залида, фоеда томошабинлар учун барча зарур шароит яратилган. Зал, саҳна, ёритиш ва овоз кучайтириш ускуналари билан жиҳозланган. Театр ҳудудидакенг ҳажмда ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Мазкур санъат масканида яратилган “Бой ила хизматчи”, “Муқимий”, “Ёрил тош”, “Номус”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби саҳна асарлари минг-минглаб томошабинларга инсонийлик, адолат ва эзгулик, меҳр-оқибат, олижанобликдан сабоқ бергани, уларни гўзаллик ва нафосат оламига ошно этиб келаётгани таҳсинга лойиқдир. Айни кунларда бу ишлар давом эттирилиб, ижодий жамоа янги саҳна асарлари устида иш олиб бормоқда.

Вилоят мусиқали драма театри, қўғирчоқ театри, вилоят рус драма театри ва Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Isuzu” автобуслари топширилди.

Театрнинг очилиши маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

“Туркистон-пресс”