2016-11-17 17:10:00

ХИВАДА ГЕРМАНИЯЛИК ИЖОДКОРЛАР ИШТИРОКИДА ЯНГИ СПЕКТАКЛЬ САҲНАЛАШТИРИЛДИ

Хоразм вилоят қўғирчоқ театрида Германиянинг “Хамелеон” театри ижодий жамоаси билан ҳамкорликда “Юрак сеҳри” деб номланган спектакль саҳналаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, Хоразм вилоят қўғирчоқ театри кўп йиллардан буён Германиянинг Дармштадт шаҳридаги “Хамелеон” театри билан ҳамкорлик қилиб келади. Табиийки, ижодий алоқалар янги-янги лойиҳаларни амалга оширишда қўл келмоқда.

Жумладан, икки мамлакат ижодкорлари 2008 йили “Минг бир кеча тушларига саёҳат”, 2011 йили “Тушдаги қуён уяси” спектаклини яратишди. Шунингдек, 2013 йили Хоразм вилоят қўғирчоқ театри Германияда сафарда бўлиб, “Хива лазгиси” ва “Афанди ҳангомалари” спектаклларини немис томошабинлари эътиборига ҳавола этишди.

“Юрак сеҳри”нинг илк премьераси Хива туманидаги “Дашёқ” маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтди.

“Туркистон-пресс”