2016-11-19 10:46:00

ОАВНИНГ ИСТИҚБОЛИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида ЎзЭОАВМА Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, К.Аденауэр номидаги Фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатнинг нодавлат телерадиостудиялари орқали ёритишда халқаро стандартларни қўллаш: миллий тажриба ва жаҳон амалиёти” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда миллий мутахассислар билан бир қаторда Болгария, Германия, Франция, Дания, Латвия, Литвадан экспертлар, Олий Мажлис депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритишда нодавлат электрон ОАВнинг роли, уларнинг жаҳон стандартларига мос равишда сайлов жараёнларида аҳолининг хабардорлигини, электоратнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдаги фаолияти ҳамда журнулистларининг маҳоратини оширишга қаратилган таълимий-маърифий лойиҳалар муҳокама этилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ЎзЭОАВМА нодавлат телерадиостанциялар томонидан сайлов жараёнларини ўз вақтида ва сифатли ёритилишини, ошкораликни, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган Махсус ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Мазкур Дастур доирасида хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш, сайловга оид медиа контентни тайёрлашда хориж тажрибасини ўрганиш, Марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокида “Менинг овозим” ва “Мой голос” ток-шоуларини, медиа маҳсулотларни тайёрлаш, нодавлат телестанциялар эфирини ижтимиоий роликлар билан бойитиш, радио ахборот маркази  кўмагида нодавлат радиостанцияларни сайловга оид материаллар билан таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда ЎзЭОАВМА Ахборот маркази ва нодавлат телеканаллар ахборот хизма тлари томонидан 12 та тадбир, 800 дан ортиқ медиа маҳсулот, 140 га яқин телерадиоролик ва 12 та ток-шоу тайёрланди.

Ўтказилган семинар-тренинг ва ток-шоулар долзарб бўлиб, сайлов кампаниясининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди. Ёш журналистлар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ўз навбатида бу эфирга бериш учун тайёрланаётган телекўрсатув ва радиоэшитиришлар сифатини яхшилашга ёрдам берди.

Ижтимоий ҳаётни демократлаштириш Ўзбекистон ОАВ олдига жамиятни янада самаралироқ ахборот билан таъминлаш вазифасини қўйиб, ОАВ даражасини доимий равишда ошириб бориш эса фуқароларнинг сўз эркинлигига бўлган конститутциявий ҳуқуқини тўлароқ амалга оширишга ёрдам бериши зарур. ЎзЭОАВМА томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда медиаиндустрияни янада ривожлантиришга, тизимли равишда қўйилган мақсадларга эришишга кенг имкониятлар яратади.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири