2016-11-22 14:32:00

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР УЧУН ЯНГИ ҚУЛАЙЛИК

Яқинда www.e-коmmunаl.uz коммунал хўжалик ва уй-жой фонди портали янги интерфейс ҳамда замонавий талабларни инобатга олган ҳолда янада қулай хусусиятлар билан бойитилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати.

Портал 2012 йилда “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, аҳолига коммунал хизмат кўрсатишга оид барча хизматлар тўғрисида маълумот беради. Порталда бу турдаги хизматлар учун онлайн тўловни амалга ошириш имконияти ҳам яратилган эди.

Тўрт йил мобайнида www.e-коmmunаl.uz янги жиҳатлар билан бойитилиб, замонавий хизматлар, маълумот олиш қамрови кенгайди, фойдаланишга қулай кўринишга келтирилди.

Шу билан бирга, фойдаланувчи ўзининг шахсий кабинетида ҳисоб рақамини кўрсатган ҳолда, ўзининг бирор хизматдаги балансини текшириб кўриши, қарздорлик бор-йўқлигини билиши, хизматлар учун мобил тўловларни амалга ошириши мумкин бўлди. Яна бир аҳамиятли жоҳати, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги чеклар фойдаланувчининг шахсий кабинетида сақлаб қўйилади. Фойдаланувчи уларни чоп этиши ёки электрон қурилмасига сақлаб қўйиши мумкин.

Бирор хизмат учун тўлов миқдорини билмаган тақдирда, фойдаланувчи нархни жорий ҳолатга кўра баҳолайдиган онлайн ҳисоблагичдан фойдаланиши мумкин. Фойдаланувчига тезкорлик билан хизмат кўрсатиш мақсадида, порталда коммунал хизматларга оид барча ахборот ва алоқа маълумотлари жам қилинган.

“Туркистон-пресс”