2016-11-23 16:57:00

ФАРОВОНЛИККА КЎМАКЧИ, ТАРАҚҚИЁТДА ҲАМҚАДАМ

Мустақил тараққиётимиз йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида, хусусан, халқимиз фаровонлигини таъминлашда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнес, ёшлар, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда банк-молия муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда банк фаолияти сифат ва салмоқ жиҳатидан тобора яхшиланиб бормоқда.

Алоҳида эътироф этиш жоизки, Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон банк-молия тизимини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Унда мазкур тизимни янада мустаҳкамлаш, хусусий банклар ва хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, кредит уюшмалари, микромолиявий ташкилотлар каби молия институтлари фаолиятини ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ҳисобидан банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилишга доир чоралар кўриш зарурлиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар аввало инсон, унинг манфаати ва турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган. Амалга оширилаётган бундай иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларда республикамиз банк тизими ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Мана шундай ислоҳотлар самарасини республикамиз банк-молия муассасаларидан бири – “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Тошкент вилояти минтақавий филиали мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мазкур молия муассасаси томонидан ўтган давр мобайнида қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, шинам ва кўркам уй-жойлар барпо этиш ишларини комплекс молиялаштириш, пул муомаласи барқарорлигини таъминлаш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, банк капиталлашув даражасини ошириш, ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ҳозирги кунда туманлар ва узоқ қишлоқ ахолисига банк хизматларини кўрсатиш қулай бўлиши учун минтақавий филиалнинг 4 та туман филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Маълумки, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишини молиялаштиришни ташкил этиш “Қишлоқ қурилиш банк”нинг устувор йўналишларидан ҳисобланиб, жорий йилнинг ўтган даврида бу борада банк олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу асосда, 2009 йилдан 2016 йилга қадар вилоят бўйича 6 958 та уй-жой қурилган, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ бўйича 5932 та намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жой молиялаштирилган бўлса, ушбу уй-жойлар учун 2009-2016 йилларда қарийб 323,8 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар имтиёзли ипотека кредити сифатида ажратилган.

2009 йилда тажриба тариқасида 3 та массивда 60 та якка тартибдаги уй-жойлар қурилиб, қишлоқ фуқароларига топширилган бўлса, бугунга келиб ахолининг эҳтиёжларига асосида Тошкент вилоятининг 14 туман массивларида барпо этилган 5932 та якка тартибдаги уй-жойлар босқичма-босқич эгаларига топширилмоқда. Пировардида, бугунги кунга келиб кўплаб оилалар ўзларининг янги хонадонларига эга бўлдилар. Бу каби саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфатларини кўзлаб, ижтимоий қўллаб-қуватлашнинг ёрқин намунасини кўриш мумкин, албатта.

Бир сўз билан айтганда, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Тошкент вилоят минтақавий филиали фаолияти мисолида ҳам “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилининг амалий тасдиғини кўриш мумкин.

“Туркистон-пресс”