2016-11-23 17:20:00

ЗАМОНАВИЙ МАЖМУА ИШГА ТУШДИ

Фарғона вилоят асаларичилик ишлаб чиқариш-ўқув маркази янги биносининг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, замонавий шарт-шароитларга эга янги марказнинг ишга туширилиши соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг амалдаги яна бир тасдиғи эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Таъкидлаш жоизки, муҳташам ишлаб чиқариш-ўқув маркази вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ташкил этилган бўлиб, бир пайтнинг ўзида ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар билан таъминланди. Марказда илмий-текшириш лабораторияси, тренинг заллари, ихтисослаштирилган кутубхона, электрон архив базаси, шунингдек, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, қишқи эм-қанди, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ҳамда асалари уялари ишлаб чиқариш цехлари мавжуд.

Ўз навбатида марказда асаларичиликда наслчилик лабораторияси, қарийб икки гектар илмий тажриба боғи ва асал берувчи ўсимликларни этиштиришга мўлжалланган экин майдони ташкил этилди. Шу билан бирга марказга Полша, Германия, Россия ва Хитой каби давлатлардан энг замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Бу вилоятда асаларичилик соҳасида йил охиригача 255 та янги иш ўринлари барпо этиш ва камида 25 минг дона асалари пакетини жаҳон бозорига экспорт қилиш имкониятини яратади. Айни шу каби жиҳатлари билан марказни нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда илк ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида эътироф этиш мумкин.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди.

“Туркистон-пресс”