2016-11-30 15:24:00

ПОЙТАХТИМИЗДА “SAYLOV.UZ-2016” ПРЕСС-КЛУБИ ИШ БОШЛАДИ

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида нодавлат медиа-тузилма вакиллари томонидан Ўзбекистонда илк маротаба “Saylov.uz-2016” пресс-клуби ташкил этилди.

Унинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимизда Президент сайловига тайёргарлик юксак савияда ташкил этилаётгани, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлашди.

Жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу кунларда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеага юқори савияда кўрилган тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Маълумки, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнини кенг ёритиш, сайловчиларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг роли аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кенг ёритиш учун марказий сайлов комиссияси қошида 1300 дан ортиқ миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтганлиги сайлов жараёнини ёритишга бўлган қизиқишнинг нақадар катта бўлаётгани далилидир.

Шу боис, жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида ОАВ вакилларининг профессионал фаолияти учун халқаро стандартларга мос келадиган қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Saylov.uz-2016” пресс-клубининг ташкил қилиниши ҳам сайловда иштирок этаётган журналистларга яратилган кенг имкониятларнинг ёрқин намойиши, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг бориши, мустақил тараққиётимиз йилларида эришилган ютуқлар билан халқаро кузатувчи ва экспертларни, миллий ва хорижий ОАВ вакилларини яқиндан таништириш, интерфаол ахборот майдонини яратиш мақсадида ташкил этилган мазкур пресс-клуб ўз мультимедиа майдонида журналистларни бирлаштиради.

Фуқаролик ташаббуси ҳисобланган ушбу пресс-клуб Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги, “Mening yurtim” телеканали, “Sevimli-tv.uz” интернет телеканали, “Uzreport-TV” телеканали, “Даракчи информ сервис”, “Ўзбекистон кабель телевидениеси”, “Пойтахт”, “Водий садоси” радиостанциялари ва шу каби мустақил медиа тузилмалар томонидан ташкил этилди.

— Бу пресс-клуб энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, IT-технология, дизайн ва мультимедиа соҳасидаги энг сўнгги ютуқлардан фойдаланилди — дейди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. — Мультимедиа майдонида юқори тезликдаги интернет алоқасига уланган 80 дан ортиқ компьютер ишлаб турибди, wi-fi билан таъминланган, жойлардаги 10 та ҳудудий нодавлат ва ЎзЭОАВМА студиялари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилган, шунингдек, алоҳида узатувчи телестанция орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази билан онлайн-алоқа йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу пресс-клубда туриб ҳам мамлакатимизда Президент сайловининг бориши билан батафсил танишиш имкони мавжуд.

“Saylov.uz-2016” пресс-клуби иш фаолиятини янада мазмунли ташкил этиш мақсадида бу ерда мунтазам равишда парламент аъзолари, партиялар, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари масъул ходимлари, шунингдек, халқаро кузатувчилар иштирокида брифинглар, матбуот анжуманлари ва туркум тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, пресс-клуб дастуридан халқаро кузатувчилар ва хорижий ОАВ вакилларини бой миллий маданиятимиз, санъатимиз, урф-одатларимиз билан таништиришга қаратилган бир қатор маданий тадбирлар ҳам ўрин олган.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

“Туркистон-пресс” суратлари.