2016-11-30 09:45:00

ЎЗАРО ТАЖРИБАГА БОЙ СЕМИНАР

Ҳаётимизда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутади. Жоиз бўлса, мазкур тармоқни жамиятнинг уриб турган юрагига қиёслаш мумкин. Зеро, ҳаққонийлик,  тезкорлик, асослилик ва холислик унга хосдир.

Бугун ОАВнинг ривожланиши ва ҳуқуқий кафолати қонун билан белгиланган. Чунончи, Бош Қомусимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги сўз ва эътиқод эркинлигида, ўзи истаган маълумотни олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалигида, цензурага йўл қўйилмаслигида белгиланган. Бу йўналишда 20 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган бўлиб, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги бир қатор қонунларда мужассамлашган. Соҳани янада ривожлантириш, журналистлар малакасини ошириш эса замон талабидир.

Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Ҳудудий давлат органлари ахборот хизматлари ва ОАВнинг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинар-тренинг ҳам миллий журналистикамизнинг ривожланишини кўзда тутади дейиш мумкин.

Бухоро, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда марказий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиб келаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш бўйича хорижий экспертлар иштирокида кечган мазкур семинар «Замонавий ОАВдаги таҳлилий материаллар» мавзусига бағишланди. Тренинг ноанаънавий тарзда, яъни касбий ўйинлар шаклида кечди. «Қаҳрамон», «Информацион материалга сабабчи воқеа», «Интервью» номидаги бу ўйинлар орқали иштирокчиларнинг ёзма ва оғзаки нутқи, ҳикоя қилиш маҳорати, таҳлилий материалларга ёндашув услуллари текширувдан ўтказилди.

— Лойиҳалар доирасида кўплаб давлатларда бўламиз, журналистлар билан мулоқот қиламиз, — дейди тадбир координатори хорижлик медиаэксперт Олга Каплина. — Юртингизда биринчи маротаба бўляпман. Журналистларнинг мавзуга оид билимлари, уларнинг эркин ва мустақил фикрлаши менга манзур бўлди. Семинар давомида иштирокчилар жамоага бўлинган ҳолда мавзуни биргаликда муҳокама қилишди, материалнинг тематик лангар, ҳаракат, тасдиқлаш, ҳикоя усули, тегишли перспективалар бўйича қизғин муҳокамага киришишди. Ўйлайманки, бугунги семинар уларга ҳам кўп нарса берди. Самимий мулоқот, баҳс-мунозарали вазиятларда бир-биримизни тушундик ва тажриба алмашдик.

— Ўтказилган семинар орқали журналистикадаги жанрлар ва уларнинг ёритилиши билан боғлиқ кўп жиҳатларни ўргандим, — дейди «Жамият» газетаси мухбири Муниса Каримова. — Айниқса, хориж матбуоти, радиоси ва телевидениясининг ўзига хос томонлари, мавзуга ёндашувдаги аниқлик ва қисқалик менга манзур бўлди. Шу билан бирга, миллий матбуотимизда ўрганишга лойиқ жиҳатларнинг борлиги бизнинг ҳам ютуғимиз эканлиги таъкидланди.

Икки кун давом этган семинар якунида қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

Наргиза АСАДОВА,

“Туркистон-пресс”