2016-12-06 18:07:00

ОИЛАДАГИ ТИНЧЛИКДАН – ДУНЁДАГИ ТИНЧЛИК САРИ

Фарғона шаҳрида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг вилоят ресурс маркази ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган “Оиладаги тинчликдан – дунёдаги тинчлик сари” акциясининг мақсади, тадбирлар кўлами ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишча, 25 ноябрдан 10 декабрга қадар давом этадиган акция доирасида Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни, Умумжаҳон ОИТСга қарши кураш куни, Халқаро ногиронлар куни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, мадҳиямиз қабул қилинган кун ва халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ижтимоий шерикчилик асосида қатор қўшма тадбирлар ташкил этилади.

Йиғилишда академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ўқувчилари ва талабалари ўртасида суҳбатлар, викториналар ўтказилиши таъкидланди. Маҳаллаларда эса “Менинг бахтим – ўз оилам даврасида” шиори остидаги яраштирув тадбирлари ташкил этилади.

Матбуот анжумани якунида ОАВ вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.

Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Тожиева иштирок этди.

“Туркистонг-пресс”