2016-12-12 15:59:00

ЛАТВИЯНИНГ “ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ”НИ ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧА ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ

Алоқа тарихи музейида Латвиянинг “электрон ҳукумат”ни жорий этиш бўйича тажрибасини яқиндан ўрганган экспертларнинг маърузалари ҳамда тақдимотларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлари ҳамда мутахассислари, вазирлик ва идоралар, Савдо-саноат палатаси вакиллари, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, УЗИНФОКОМ марказлари ходимлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Суҳбат мобайнида давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларини муваффақиятли жорий этаётган Европа мамлакатларидан бири сифатида Латвияда бу йўналишда қўлга киритилган ютуқларга диққат қаратилди.

Хусусан, Латвия Республикасининг фуқароларнинг идентифакация тизимини яратиш, электрон рақамли имзони жорий қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, маълумотларни ҳимоя қилиш, хизматлардан фойдаланиш, жумладан, банк идентификаторлари орқали рўйхатдан ўтиш тизимларини яратиш, автоматлаштирилган нафақа тўловларини амалга ошириш, суғурта тизимларини ишлаб чиқиш, солиқ хизмати ҳамда ФҲДЁ органлари, мактаб ҳамда бошқа муассасалар фаолиятини АКТ ёрдамида оптималлаштириш бўйича тажриба ва ютуқлари ўрганилди.

Интерактив суҳбат тарзида ўтган давра суҳбатида Латвия Республикасининг “электрон ҳукумат” орқали давлат бошқаруви ҳамда бизнес жараёнларини мақбуллаштириш борасидаги тажрибаси асосида давлат органлари учун таҳлилий маълумот ва тавсиялар ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

“Туркистон-пресс”