2016-11-14 17:26:00

КЎХНА ТАРИХ МЎЪЖИЗАЛАРИ

Аждодларнинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш мустақил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилган. Бу музейлар ишини янада такомиллаштириш ва уларда сақланаётган бойликларни тарғиб қилиш соҳасида яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган музейлар ишини оммалаштириш, улар фондида сақланаётган ноёб экспонатларнинг ягона рўйхатини юритиш, осори-атиқаларни асраб-авайлаш ҳамда жаҳон халқларига кенг намойиш қилиш, юртимизда музейлар тизимини янги босқичга кўтариш бугунги кунда маданий соҳадаги энг устувор вазифалардан ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг Оролбўйи ҳудуди ўзига хос гўзал табиати, оқкўнгил ва меҳнаткаш одамлари, бой маданий қадриятлари билан азал-азалдан сайёҳлар диққатини ўзига тортиб келган. Бу заминга хос бетакрор санъат намуналари, воҳа халқлари ўтмишига оид уй-рўзғор буюмлари бугунги кунда ҳам ҳар қандай кишини ҳайрат ва ҳаяжонга солиши табиий. Қадимдан қўли гул ҳунармандлар, санъатни қадрловчи инсонлар юрти бўлиб келган ушбу ҳудуд, айниқса, маданиятининг ғоят серқирра ва ранг-баранглиги билан машҳур десак, муболаға бўлмайди.

Шубҳасиз, бу ўлка тарихий ва маданий меросининг ноёб нусхалари ҳозирги кунда Нукусдаги давлат санъат музейи залларида кўз қорачиғидек сақланаётгани бугун кўпчиликка яхши маълум. Азалдан деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик билан шуғулланган, ўзига хос қадимий тарихига эга қорақалпоқ элининг бугунги даврга келиб дунёга маълум ва машҳур музейига эга эканлиги фахрлидир, албатта.

Ушбу музей Ўзбекистон санъати, умуман маданиятининг юксак намуналарини ўзида мужассам этган бўлиб, ундан эрамиздан аввалги биринчи минг йилликка оид, шунингдек, кўҳна қорақалпоқ халқининг моддий ва бадиий маданияти дурдоналари ҳисобланган тарихий-элшунослик экспонатлари, амалий санъат нусхалари ўрин олган. Музей экспозициясига нафақат қорақалпоқ бадиий мактаби намуналари, балки ХХ аср бошларида Марказий Осиёда яшаб ижод қилган, лекин номи кўпчиликка таниш бўлмаган Ўзбекистон тасвирий санъатининг асосчилари асарлари қўйилган. Бир неча ўн йиллар муқаддам жаҳон бадиий меросининг Игорь Савицкий саъй-ҳаракатлари ўлароқ жамланган ушбу қатлами бугунги кунда кўплаб рассомлар ва маданият ихлосмандлари томонидан юксак эътироф этилади.

Гап мўъжиза билан сақланиб қолинган ва энг муҳими, мукаммал маълумот билан таъминланган минглаб рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари ҳақида бормоқда. Уларнинг аксарият қисми 1910-1940 йилларда рус ва ўзбек рассомлари томонидан авангард йўналишида яратилган асарлар бўлиб, шўро даврида муносиб эътибор кўрсатилмаган, аксинча таъқиб ва тазйиққа учраган эди. Ваҳоланки, айнан мазкур асарлар ХХ аср биринчи ярмида Россия ва Марказий Осиё санъатининг ажойиб намуналари сирасига киради.

Узоқ ва машаққатли меҳнатлар натижасида 1966 йилда Нукусда Санъат музейи ташкил этилади. Лекин янги музейни қўриқлаш, экспонатларни тахлаш, келиб кўрувчиларни таништириш учун штат бўлмагани боис у шу ерда ётиб ишлаб, музейнинг дастлабки директори, қоровули, экскурсоводи вазифасини бажарган. Шундай бир инсоннинг фидокорона меҳнати натижасида бугун дунё аҳли олдида ғурурланса, мақтанса арзийдиган ноёб дурдоналарни ягона коллекцияга жамлаган ажойиб музей барпо этилди.

Ҳозирги кунга келиб, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ҳақиқий маънода йирик маданият ва маънавият марказига айланди. Айниқса, 2002 йилда музей янгидан қуриб битказилган замонавий бинога кўчиб ўтгач, шу давргача йиғилган 90 мингга яқин экспонатни доимий кўргазмаларга қўйиш ҳамда уларни музей талабларига мос ҳолда сақлаш учун катта имкониятга эга бўлди.

Қайсар РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири