2016-12-16 14:29:00

АҲОЛИ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ УЧРАШУВ

Куни кеча Тошкент шаҳрининг Сергели туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида сайёр қабул ташкил этилди. Вазирлик раҳбариятининг бу турдаги бевосита мулоқотлари Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 июлда тасдиқланган жадвалига мувофиқ мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Бу галги кўчма қабулда туманнинг 200 нафардан зиёд аҳолиси иштирок этди. Вазирлик фаолиятидан келиб чиқиб, аҳоли вакиллари телекоммуникация хизматлари, хусусан телефон, почта, мобил алоқа ҳамда интернет хизматлари билан боғлиқ саволларига жавоб олиб, янгиликлар билан танишдилар.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашувда фуқаролар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига дахлдор ўзларини қийнаётган муаммоларни, аниқ-равшан масалаларни кўтариб чиқдилар. АКТ соҳаси ривожи учун муҳим бўлган бу масалалар қаторида, юртдошларимиз соҳани ривожлантириш юзасидан таклиф ва истакларини билдирдилар.

Кўчма қабулда иштирок этган фуқаролар бу каби халқ билан учрашувлар, икки томонлама мулоқот ҳам аҳоли, ҳам соҳалар, жамият ривожи учун манфаатли эканини, мазкур учрашувларни мунтазам ўтказиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтдилар.

“Туркистон-пресс”