2016-12-19 14:00:00

“ЁШ ФЕРМЕР” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ

Ташаббускор ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — ЎзЛиДеП томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш фермер” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Унда 18 дан 35 ёшгача бўлган фермер хўжалиги раҳбарлари ва иш юритувчилари иштирок этди. Улар фермер хўжалигининг муваффақияти, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини соҳага жалб қилиш, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қўшган ҳиссалари ҳақида маълумот беришди.

Боёвут туманида фаолият юритаётган “Илғор-Аброр ҳамкор” фермер хўжалиги етакчиси  Қ.Абдуқайимов 1-ўринга муносиб топилди. Иккинчи ўринни Мирзаобод туманидаги “Фозилбек Алишер даласи” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси О.Имомов, учинчи ўринни Оқолтин туманидаги “Эркин Озод Суннат” фермер хўжалиги раҳбари Т.Йўляхшиев эгаллади.

— “Ёш фермер” кўрик-танловида ғолиб бўлганимдан хурсандман, — дейди Қ.Абдурайимов. — Юртимизда яратилган шароитлар фермерлик ҳаракати янада кенг қулоч ёйишига имкон берди. Мен ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланиб, фермер хўжалиги ташкил этдим. Ғалла ва пахтадан режадагидан ортиқ ҳосил олдик. Бугун ёш фермер сифатида танловда иштирок этиб, ЎзЛиДеПнинг амалий ишлар тарафдори эканига яна бир карра амин бўлдим.

Ғолиблар кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.

“Туркистон-пресс”