2016-12-19 15:20:00

ЯНГИҚЎРҒОНДА ЯНГИ “БАХТ УЙИ” ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Янги йил арафасида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида янги “Бахт уйи” фаолият кўрсата бошлади.

Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокимлиги, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари мамлакатимизда жамиятнинг асосий пойдевори сифатида оила мустаҳкамлигини таъминлашгаалоҳида эътибор қаратилаётганиниэътироф этишди.

Лойиҳа қиймати 1 миллиард 380 миллион сўм бўлган, миллий ва замонавий меъморчилик ютуқларини ўзида мужассам этган янги бинода фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими билан биргаликда нотариал идора ҳам фаолият кўрсатади. Бу ерда мазкур муассасалар зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли адо этиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Жумладан, мажмуадан тантаналар зали, архив, ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар билан учрашувлар ўтказишга мўлжалланган хоналар, муассасанинг барча ходимлари учун алоҳида ва бошқа маиший-хўжалик хоналари жой олган бўлиб, улар зарур жиҳозлар билан таъминланган.

— Янги бинода иш бошлаш зиммамизга ҳар қачонгидан кўра масъулиятли вазифаларни юклайди, — дейди туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудири Феруза Ҳакимова. — Яқинда Бош Қомусимизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев қонунларимизнинг мазмун-моҳияти халқимизга, масъул ижрочиларга ўз вақтида, тўлалигича етмаётганини, уларнинг ижросини тўғри таъминлаш ва қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидлади.Демак, бизнинг зиммамизга фуқароларимизга ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятни янада кенгроқ тарғиб қилиш, бу борада самарадорликка эришиш вазифаси қўйилмоқда. Бундай долзарб талабларни ҳеч муаммоларсиз бажариш учун ихтиёримизга барча қулайликлар мужассам бўлган шундай ёруғ, замонавий бино топширилганидан мамнунмиз.

“Туркистон-пресс”