2016-12-20 13:30:00

БАНК САРМОЯЛАРИ ТУРМУШИМИЗ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Тошкент вилоятининг Паркент туманида кириб келаётган 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Микрокредитбанк” ҳамкорлигида “Микрокредитбанк” сармоялари – тадбиркорлик бунёдкорлик  ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилади” шиори остида семинар ўтказилди.

Тадбирда маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари мутасадди раҳбарлари, журналистлар, шунингдек, тумандаги Бошқизилсой ва Ҳисорак қишлоқ фуқаролари йиғини  аҳолиси  иштирок этди. Семинарни ўтказишдан асосий мақсад, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 декабрдаги халқ депутатлари Тошкент  вилояти Кенгаши сессиясидаги сўзлаган нутқидан келиб чиққан ҳолда банк тизимида “Оддий аҳолини тадбиркорга айлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш учун аҳоли билан суҳбатлар ўтказиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган фуқароларни аниқлаш, банк томонидан таклиф этилаётган  кредит турлари ва шартларини, ажратиш механизмларини тушунтириш ҳамда микрокредит олиш учун ариза, бизнес режа ҳамда таъминот ҳужжатларини тайёрлаш борасида батафсил маълумот бериш  назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойлари ташкил этиш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтириш мақсадида “Микрокредитбанк” томонидан 2017 йилда барча молиялаш манбаалари ҳисобидан 1 триллион 260 миллиард сўм кредит ажратиш режалаштирилган бўлиб, 2017 йилда банк кредит портфелини 1 триллион 370,0 миллиард сўмга етказиш белгилаб олинди.

Юқоридагилар билан бирга, “Микрокредитбанк” томонидан 2017 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар миқдорини жорий йилга нисбатан 40 фоизга ошириб, 1 704 та лойиҳага 245,9 миллиард сўмлик кредит ажратиш режалаштирилмоқда. Бунда саноат соҳасига 125,4 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш соҳасига 84,8 миллиард сўм, қишлоқ хўжалигига 35,7 миллиард сўм кредитлар ажратилиб,  15 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Аҳоли билан бевосита мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур тадбирда халқимиз турмуш шароитини кўтариш, жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни баҳамжиҳатликда ҳал  қилиш йўллари,  бу борада яратилган  шарт-шароит, имтиёзлар, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, оилавий бизнесни ривожлантириш ҳусусида  батафсил маълумотлар берилди.

“Туркистон-пресс”