2016-12-20 13:41:00

ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИДА СИФАТ ВА САМАРА ОШМОҚДА

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ветеринария хизмати: сифат ва самара” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва молларини касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринария-санитария ҳолати барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолининг сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

2015 йил 29 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ветеринария соҳасининг янада ривожланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Давлат ветеринария хизмати томонидан эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар белгиланган тартиб ва муддатларда олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврда 29,7 миллион бош чорва моли ҳамда 58,7 миллион парранда турли касалликларга қарши профилактик эмланди. 220 мингдан ортиқ ҳайвон сақланадиган жойларда дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Мамлакатимизга кириб келаётган ва транзит ўтаётган 76,6 минг автотранспорт воситаси, 4,1 мингдан ортиқ темир йўл вагони ветеринария-санитария ишловидан ўтказилди.

Давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида фаолият кўрсатаётган чегара ветеринария назорати пунктлари томонидан ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва талабларига жавоб бермаган ҳамда тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаган ҳайвонлар, қушлар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олди олинди.

Тадбирда соҳа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири