2016-12-21 21:42:00

МУВАФФАҚИЯТЛИ ЛОЙИҲА АМАЛДА

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Медиавоқелик: Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янги медиа форматлар” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ходимлари, ЎзЭОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанциялар раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кириб келаётган 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳамда кейинги беш йилликда инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил равишда давом эттириб борилиши юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Бу, албатта, давлат ва жамият ўртасидаги кўприк воситаси ҳисобланган оммавий ахборот воситалари олдига муҳим вазифалар қўяди.

Тадбирда турли жанрларда медиа маҳсулотлар тайёрлаш орқали давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни таъминлашнинг янги усуллари, бунда нодавлат электрон ОАВ томонидан давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган медиа-контент яратиш мақсадида ташкил этилган пресс-клуб фаолиятини доимий йўлга қўйиш, шу билан бирга, халқ билан мулоқотда тезкорлик ва замонавийликка эришиш учун инновацион усуллардан фойдаланиш, мультимедиа майдонларини ташкил этиш масалалари, давлат ва жамият муносабатлари шаффофлигини таъминлашда мустақил ОАВ олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Янги йил арафасида ўтказилган мазкур тадбирда фуқаролик жамияти қуришда фаол иштирок этаётган бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири