2016-12-22 15:59:00

ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ЯНГИЛАНГАН НАМУНАВИЙ АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛАДИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан “Мустақиллик обидалари: намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш борасида эришилган натижалар, тажриба, амалиёт ва муаммолар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида бошланган ва Давлат дастурлари доирасида кенг кўлам касб этган қишлоқ инфратузилмасини янгилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари қишлоқларимиз қиёфасини замонавий архитектура, саонат асосида тубдан ўзгартиришга, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси сифатини оширишга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарор қишлоқ жойларда уй-жой қурилишида янги босқични бошлаб берди.

— Қарорга мувофиқ, қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уйларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларидан келиб чиқиб имтиёзли кредит беришнинг юқори даражадаги шартлари жорий этилмоқда, — дейди Банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Эшонқулов. — Бундан ташқари, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайишига ва аҳолининг барча қатламлари учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда. Мазкур қарорга кўра, қишлоқ жойларда мавжуд намунавий лойиҳаларга қўшимча равишда хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари  бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2,3 хонали) ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер учаскаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали ва шу билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер учаскаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уйларнинг янги намуналари жорий этилди.

Анжуманда таъкидланишича, қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуришда талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни дастлабки танлаш бўйича тизимнинг шаффофлиги ва ишончлилиги тамойилидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Матбуот анжуманида Дастур ижросида “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ иштирокига доир масалалар, хусусан, қишлоқ қурилишини кредитлаш йўналишида банк томонидан ажратиладиган ипотека кредитларини расмийлаштириш тартиби бўйича журналистларга зарур маълумотлар берилди.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири