2016-12-23 18:33:00

ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта-махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда ҳудудий таълим бошқарув органлари маъсул ходимлари, Давлат тест маркази мутасаддилари ва нодавлат таълим муассасалари раҳбар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш, таълим мазмуни, сифати ва самарадорлигини ошириш, жаҳон стандартларига мос кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бугунги кундаги самарали натижалари халқаро майдонда ҳам юксак эътирофга сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Маълумки, бугунги кунда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги рақобат майдонида таълим фаолияти билан шуғулланиш учун республика бўйича  жами 821 та нодавлат таълим муассасалари лицензия олган бўлиб, шундан 194 таси мактабгача таълим муассасалари, 31 таси умумий ўрта таълим муассасалари, 102 таси мактабдан ташқари таълим муассасалари; 1 таси олий таълим муассасаси, 493 таси кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш курсларидир.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 
14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли маърузасида ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши йўналишида билдирган фикрлари ҳамда бу борада белгилаб берилган устувор вазифаларини амалга ошириш йўналишида давлат ва нодавлат таълим муассасалари, уларнинг раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларининг функционал вазифалари чуқур таҳлил қилинди.

Тадбир давомида нодавлат таълим муассасаларида ёшларга таълим-тарбия бериш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ҳам кенг муҳокама қилиниб, иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати якунида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларини тўлақонли рўёбга чиқариш, таълим-тарбия жараёнлари самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро таълим стандартлари даражасида такомиллаштириш, шунингдек, давлат ва нодавлат таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада кучайтириш йўналишларида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири