2016-12-23 18:52:00

ОМБУДСМАННИНГ ЯНГИЛАНГАН ВЕБ-САЙТИ ИШГА ТУШДИ

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг расмий веб-сайти тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ахборот хизматлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тақдимот жараёнида Омбудсман интернет-ресурсининг модернизация қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ахборот олиш эркинлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни кенгайтириш борасидаги вазифалар доирасида амалга оширилганлиги таъкидланди.

— Янгиланган веб-сайтимиз замонавий ривожланган ахборот-коммуникация соҳасидаги барча тенденцияларни ўз ичига олган, — дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман) котибияти мудири С.Азимов. — Хусусан, у ўзида Омбудсманнинг виртуал қабулхонаси, тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга оид саволларга маслаҳатлар олишини қамраб олган. Сайтда Омбудсман котибияти ва унинг минтақавий вакилларининг манзиллари, уларнинг фуқароларни қабул қилиш куни ва вақти тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.

Расимй сайтни янгилаш жараёнларида инсон ҳуқуқлари соҳасида юртимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатини кенг ёритиш, ушбу соҳада қабул қилинаётган қонунчилик ҳамда давлат дастурларининг мазмун моҳиятини тушунтиршга алоҳида эътибор қаратилди. Сайт орқали Омбудсманнинг — фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти натижалари, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти юзасидан мунтазам равишда ахборот бериб борилади.

Тадбир иштирокчилари томонидан веб-сайтининг янгиланиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш шакл ва услублариинг кенгайтирилиши борасидаги ишлар юқори баҳоланди.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

“Туркистон-пресс” олган суратлар.