2016-12-26 15:00:00

ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада юртимизнинг кўркига-кўрк, чиройига-чирой қўшилиб, аҳолимизнинг фаровонлиги янада юксалиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ушбу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Янги йил арафасида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Мерганча маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган арзон уй-жойлар кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга тантанали равишда топширилди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш ва намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Янги арзон уйлар туманда истиқомат қилаётган, уй-жойга эҳтиёжманд ҳамда кам таъминланган оилаларга узоқ муддатли кредит асосида берилди. Уларда барча қулайликлар яратилган. Меҳмонхона, болалар хонаси, ётоқхона, ошхона ва ювиниш хоналари замонавий жиҳозланган. Хонадон ҳовлисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун мўлжалланган кичик ер майдони, тандирхона ва омборхона мавжуд. Ҳар бир хонадон мўъжаз қозонхона орқали иситилмоқда. Тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган.

Тантанали тадбирда Самарқанд вилоятида 2017 йилда 1 минг 758 янгиланган намунавий лойиҳалардаги уйлар қурилиши режалаштирилгани таъкидланди.

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат