2017-01-05 13:18:00

БАНКЛАР АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЧОРЛАМОҚДА

Тижорат банклари давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган вазифаларни бажариш ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишларига кенг имкониятлар яратиш учун тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад беришнинг янги усулларини жорий этдилар.

Шу мақсадда банклар оддий аҳолини тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш ва шунга етаклаш мақсадида уларнинг банк хизматлари ва кредит маблағларига бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқишга киришди.

Тижорат банкларининг жойлардаги филиаллари масъул ходимлари аҳоли хонадонларига ташриф буюрмоқда ва улар билан ўтказаётган мулоқотларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари учун ажратилаётган кредитлар, уларнинг шартлари, кредит ҳужжатлари ва гаров таъминоти тўғрисида батафсил тушунтиришлар бериб бормоқда.

Ўз навбатида, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларга намунавий лойиҳалар таклиф этилиб, уларга кредит ҳужжатларини тайёрлаш бўйича тегишли маслаҳатлар берилмоқда ва қисқа муддатларда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотига кўра, банклар томонидан аҳолига қуйидаги йўналишлар бўйича кредит ажратиш таклиф этилмоқда:

              - чорвачилик;

              - паррандачилик;

- асаларичилик;

              - қуёнчилик;

              - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, боғдорчилик ва узумчилик;

              - иссиқхоналар қуриш;

              - балиқчилик;

              - кичик ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш;

              - касаначиликни ривожлантириш;

              - ҳунармандчилик;

              - сартарошхона хизматини ташкил этиш;

              - тикувчилик ва чеварликни қўллаб-қувватлаш;

              - пойабзал тузатиш устахонасини ташкил этиш;

              - умумий овқатланиш хизматини ташкил этиш;

              - маиший техникаларни тузатадиган устахоналар ташкил этиш;

              - гўзаллик салонлари ташкил қилиш;

              - аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш;

              - автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи шаҳобчалар қуриш;

              - автомобилларни ювиш шаҳобчаси ташкил қилиш;

              - компьютер хизматлари кўрсатишни ташкил қилиш;

              - савдо фаолиятини йўлга қўйиш;

              - ҳаммомлар ташкил қилиш;

              - нонвойхона ташкил қилиш;

              - қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

              - бошқа фаолиятни амалга ошириш учун.

Банкларнинг имтиёзли кредитларидан фойдаланиш, ўз бизнесини ташкил этиш фуқароларнинг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит яратади.

“Туркистон-пресс”