2016-12-15 16:04:00

СУРХОНДАРЁ: БОЙ ЎТМИШ ИЗЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА

Мамлакатимиз мустақиллик йилларида халқимиз ўтмишидан ҳикоя қилувчи бой тарихий-маданий меросимиз қайта тикланди. Ўтган давр мобайнида бу миллий меросимизни ҳимоя қилиш, асл ҳолича сақлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар ҳамкорлигида Сурхондарё вилояти ҳудудида олиб борилаётган илмий изланишлар, археологик қазишмалар юртимиз ўтмишини янада чуқурроқ ўрганиш ва қадимий тарихимизни ноёб илмий янгиликлар билан бойитишда яхши самаралар бермоқда.

Маълумки, вилоят марказида Термиз археология музейи барпо этилиб, қадимий ёдгорликларга бой воҳа ўтмишини ўрганишга эътибор кучайтирилгани нафақат мамлакатимиз, балки хорижлик археологларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мустақиллик йилларида, амалга оширилаётган илмий-тадқиқот, қазишма ишлари Тешиктош, Мачай, Зараутсой, Жарқўтон, Далварзин, Қоратепа, Фаёзтепа, Тиллабулоқ, Жондавлаттепа, Кўҳна Термиз каби ёдгорликларнинг ҳали фанга номаълум қирраларини кашф этиб, кўҳна тарихимизни, юртимиз илм-фани ривожини жаҳонга намоён этмоқда.

Археолог ва санъатшунос олимларнинг изланишлари натижасида юзага чиқаётган ана шундай бебаҳо бойлик – мамлакатимизнинг ўтмиш тарихи, маданияти, миллий санъатига оид ноёб экспонатлар Термиз археология музейида сақланмоқда. Музей залларидаги кўргазмаларда она заминимизнинг милодга қадар юз минг йиллик ўтмишидан ҳозиргача бўлган ҳаёти кенг ёритилган ноёб топилма ва осори-атиқалар ўрин олган. Унинг фонди йилдан-йилга турли давр ва асрларга оид янги топилмалар билан бойиб бораётир. Жумладан, 2002 йилда кўргазма залларида 28 мингта экспонат жой олган бўлса, айни пайтдабу рақам 82 мингдан ошди. Тош ва бронза бўлими, қадимий Бақтрия маданияти, Эллинизм маданияти, Кушон маданияти, Тоҳаристон илк ўрта асрларда, Ривожланган ўрта асрлар маданияти бўлимларидаги кўргазмалар давлатчилигимиз тарихи илдизларини янада кенгроқ ўрганиш, қадим аждодларимиз яратган маданий-маънавий меросни нафақат асраб-авайлаш, балки бойитишга ҳам хизмат қилмоқда.

Хорижлик сайёҳлар ва юртдошларимизнинг севимли масканларидан бирига айланган музей томошабинларни Ватанимизнинг бой маданий мероси билан таништирибгина қолмай, ноёб буюм ва осори-атиқалар ёш авлод онгу тафаккурини кенгайтиришда муҳим манба вазифасини ўтамоқда. Фарзандларимизда қадимги янги тош даврига оид неандертал одам қиёфаси, қадимги мусиқа асбоблари, Зараутсойдаги қоя тошларга битилган ов тасвирлари, аёллар тақинчоқлари, идишга туширилган хумо қуши тасвири, тош ўроқ, IX-XII асрларга оид шиша ва турли даврлардан ҳикоя қилувчи бошқа буюмлар катта таассурот уйғотаётир. Бундай экспонатлар она диёримиз заминида қадимдан ҳунармандчилик, меъморчилик, заргарлик, ҳайкалтарошлик каби санъат турлари, деҳқончилик ва чорвачиликнинг кенг ривожланганига аниқ мисолдир. Милоддан аввалги уч минг йиллик охири ва икки минг йиллик бошларига оид бронза муҳрлар узоқ ўтмишдаги давлатчилигимиз тарихидан дарак бериб турибди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилларда археологларнинг изланишлари натижасида Шеробод туманидаги Жондавлаттепа ёдгорлиги фан оламини янги топилмалар билан бойитди.

Жондавлаттепа Шеробод дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган илк шаҳарлар тоифасига оид ёдгорликдир. Бундан ўн йил аввал Чехиянинг Корлова университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси археология институти олимлари тадқиқот-қазиш ишларини бошлаган эди. Шу йилларда Жондавлаттепанинг шаҳар сифатида шаклланиши, ривожланиш босқичлари чуқур ўрганилиб, Мароқанд-Бақтрия шаҳарларини боғлаб турувчи маданий кўприк вазифасини ўтагани илмий жиҳатдан исботланди. Ёдгорликнинг арк, шаҳристон, мудофаа деворлари бўйлаб олиб борилган изланишлар шаҳар саройини барпо этиш услуби Марказий Осиё шаҳарлари қурилишида янгилик сифатида эътироф этилди.

Бу кабихалқаро экспедицияларнинг юртимизда иш олиб бориши диёримизда кўплаб янги археологик ёдгорликларни аниқлаш ва фанга киритишга хизмат қилади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири