2016-12-22 11:00:00

НОЁБ ЭКСПОНАТЛАР УЗОҚ ВА ШОНЛИ ЎТМИШИМИЗДАН СЎЗЛАЙДИ

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган ноёб экспонатлар нафақат юртимизда, балки кўплаб дунёда ҳам машҳур бўлиб, ҳозиргача хорижий сайёҳлар ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотиб келади.

Биз ҳам мазкур музейда сақланаётган ноёб экспонатларнинг айримлари билан таништиришни мақсад қилдик.

Фаёзтепа. Сурхондарё вилояти. I–II асрлар.

Икки ёнида икита роҳиб турган, Бодҳи илоҳий дарахти тагида ўтирган Будда тасвирланган. Гуруҳ коринф устунлари кўтариб турган ёйсимон арка тагида жойлашган бўлиб, ёдгорлик сарғимтир — оқ рангдаги яхлит оҳактош бўлагига ўйиб ишланган, дастлаб зарҳал билан қопланган. Фаёзтепа эҳром — ибодатхонаси мажмуасини қазиш ишлари олиб борилаётганда археолог олим Л.И.Алъбаум томонидан топилган.

Ёдгорлик эски Термиз шаҳристонининг ғарбий қисмида жойлашган. У тўғрибурчакли бино ва алоҳида турган ступадан иборат. Бино ҳомғишт ва паҳсадан қурилиб, деворлари сомонли лой билан сувалган ва оқланган. Ибодатхона ҳовлиси ва бинолари деворлари суратлар — Будда,совға-салом келтирувчиларнинг қиёфалари ва бошқа муайян кўринишли тасвирлар билан қопланган. Ибодатхонадатопилган ёдгорлик ва тасвирли сурат энг қадимийлардан бири ҳисобланади. “Триада”дан ташқари ёдгорликда Бодхисатва ёдгорлиги бўлаклари топилиб, қайта таъмирланган, шунингдек диний афсоналар билан боғлиқ деворий рангли тасвирлар, ёзувли сопол идиш бўлаклари Буддадинига оид бошқа маросим буюмлариҳам топилган.

 

Фарғона водийси. Эр. ав. II минг йиллик.

Тошдан йўниб ясалган икки илон тасвири 1893 йилда Фарғона вилоятидаги Сўх дарёси қуйилишида, ер ишлари олиб борилаётганда, замонавий қатламдан 1 метр чуқурликда маҳаллий аҳоли томонидан топилган. Тақасимон шаклга эга. Қадимда кўпгина мамлакатларда илонга сиғинишгани маълум. Афсоналарда, турли халқларнинг халқ оғзаки ижодида улар икки ҳил қарашларда тасаввур қилинган — бири яхшилик, бошқаси-ёмонлик. Яхшиси инс-жинслардан сақлаган, уйни қўриқлаган, фаровонликни англатган. Айрим халқларда илон ҳосилдорлик ва абадият рамзи бўлган.Шу билан бирга табиатнинг қора кучлари, ер ости салтанати ва унинг яшовчилари ҳам илон билан уйғунлаштириб юборилади — бу ўринда илон зулмат маликаси ва ҳалокат элтувчи сифатида намоён бўлади. Шу боис, кўриниб турибдики, ушбу тумор яхшиликнинг — ёмонлик, нурнинг-зулмат билан курашини гавдалантиради. Тумор хризотилдан, серпентинларнинг маъдан гуруҳидан ясалган, унинг кони Сўхдан 25 км. шимоли-шарқда жойлашган. Тумор бир нечабор хориж кўргазмаларини безади — 1971 йилда Японияда, 1975 йилда Белъгияда, 2003 йилда АҚШда намойиш этилди.

 

Зарафшон вилояти. Х аср.

Қадимий ўймакорлик ёғоч устунини 1915 йилда Зарафшон дарёси юқори оқимидаги Обурдонтоғ қишлоғидан олим-элатшунос академик М.С.Андреэв топган. Устунбоши ингичка ислимий нақш билан безатилган, энг учида одам чеҳралари акс эттирилган. Устун белбоғ-белбоғ қилиб ишланган гуллар билан безатилган. Биринчи белбоғ япроқлар кўринишида бўлиб, ичидан қушларнинг нозик бошчалари ишланган, иккинчи ва учинчи белбоғ бодом нусха ботиқ ва бўртиқ пластинкалардан иборат, тўртинчиси — патсимон, бешинчиси — бодомнусха, олтинчиси —ҳандасавий ва ислимий нақшларни ўз ичига олган. Бурама чизиқлар ва безак намуналари ғоят аниқ чекилган, ўткир ўйиқлар орасидаги фарқлар ғоят кескин ажралиб туради. Гулларнинг чекилиш усули ва намуналари IХ асрга оид Қоҳира ёғоч панносини эслатади. Бироқ, Обурдон устуни тасвири анча нақшга бой, ижроси ҳам илҳом ва иштиёқ билан амалга оширилгани кўзга яққол ташланади. Устунни катта уста ясагани шубҳасиз. Гулларнинг зичлиги ва тўкислиги, ёғоч сиртининг ранг-баранглиги унинг табиий гўзаллигига путур етказмаган, аксинча ранг ва табиийликни янада бўрттирган.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири