2017-01-06 11:47:00

“ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК” “DEPOZIT BANKING” МОБИЛ ХИЗМАТИНИ ЖОРИЙ ҚИЛДИ

Акциядорлик-тижорат  “Қишлоқ қурилиш банк” ўз мижозларига янги — “Depozit Banking” мобил  хизматини  таклиф  қилмоқда. Эндиликда мазкур мобиль дастур ёрдамида банк омонатчилари ўз депозит ҳисобрақамларидаги маблағлар доирасида нақдсиз амалиётларни ўзлари банк муассасаларига келмасдан, шахсий мобил телефонлари орқали бажариш,  ўз  омонатлари  бўйича  маълумот  олиш  имконига эга бўлишди. 

Мижозлар махсус логин ва пароллар билан таъминлангандан сўнг “Depozit Banking” мобил дастури ёрдамида қуйидаги амалларни бажариши мумкин  бўлади:

- Омонатларга  ҳисобланган  фоизларни  чиқим  қилиш;

- Муддати тўлган омонатларни тўлиқ ёки қисман қайта расмийлаштириш. Агар мижоз омонатини қисман расмийлаштирмоқчи бўлса орадаги фарқ сумма унинг талаб қилиб олингунча ҳисоб  рақамига  автомат  ўтади;

- Омонатни нақдсиз ёпиш;

- Омонатни муддатидан олдин нақдсиз ёпиш.

Омонатларни ёпишда ёки уларга ҳисобланган фоизларни чиқим қилишда омонат ва унга ҳисобланган фоиз суммалари автомат ҳисобланади. Ҳисобланган суммаларни жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш ёки “Қишлоқ қурилиш банк” жисмоний шахсларга эмиссия қилган пластик карталарга ўтказиб бериш мумкин.

Бундан ташқари, мижозлар “Depozit Banking” мобил дастури ёрдамида  Омонат  шартлари ва  Омонат ҳисобварақлари  айланмаси  бўйича  маълумотларни  олишлари мумкин.

Шунигдек, “Depozit Banking” мобил дастури ёрдамида мижозлар доимо ўзларининг омонатлари муддатлари тугаганлиги тўғрисида  СМС-хабарнома  олиб  борадилар.

“Қишлоқ  қурилиш  банк”  томонидан чакана хизматлар бозоридаги фаолиятини доимий кенгайтириб бориш, мижозларнинг банк фаолиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш чоралари кўриб келинмоқда. Ҳозирда банкнинг жамғарма кассаларида омонатчилар билан амалиётлар бажарилишида, омонатчи билан банк ўртасида тузиладиган омонат шартномалари, кирим ва чиқим ордерлари автоматлаштирилган тизим орқали чоп этлмоқда. Айни чоғдаомонатчиларга омонат маблағлари тўғрисида маълумот олиш имкониятини берадиган “смс-омонат” хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу ўз навбатида омонатчиларнинг вақтларини тежаш билан бирга уларга сифатли ва қулай банк хизматлари кўрсатилишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, банк тизимида фуқароларнинг банкдаги омонатларини ҳимоялашни янада кучайтириш, омонатлар билан боғлиқ операцияларни мижозларнинг иштирокисиз амалга оширилмаслигини қатъий назоратга олиш мақсадида шахснинг бармоқ излари намунасидан  фойдаланиш — “Биометрик идентификациялаш”тизими  жорий  қилинмоқда.

“Биометрик идентификациялаш” технологиясининг афзаллиги шундаки, омонат ҳисобварақларидаги маблағлар билан боғлиқ барча операцияларни омонат эгаси бўлган мижознинг бевосита иштирокисиз амалга ошириш  имкони бўлмайди ва омонат маблағларига нисбатан банк ходимларининг дахлсизлиги таъминланади.  

Бир сўз билан айтганда, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” мижозларнинг талабларидан  келиб чиқиб аҳоли учун замонавий ва қулай хизматлар кўрсатиш орқали республика банк-молия секторида шиддат билан содир бўлаётган  янгиланиш жараёнларидаги  ўз иштирокини янада фаоллаштиришга интилмоқда.

“Туркистон-пресс”