2017-01-10 17:28:00

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ ЙЎЛИДА

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ота-она ҳамда болаларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, маҳалла институти алоҳида эътибор қаратиб келади. Бу борада мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлик ишлари яхши йўлга қўйилган.

Жумладан, маҳаллаларда ёш оилалар иштирокида ўтказилаётган давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар, катта авлод вакилларининг ҳаётий ўгитлари оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилмоқда.

Тадбирда бу каби амалий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, биргина 2016 йил Тошкент шаҳрида 1012 та оила бузилиб кетишининг олди олингани маълум қилинди.

Бу каби тизимли ишларни янада фаол йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар, шаҳар адлия, ички ишлар бошқармалари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Меҳнат бош бошқармаси, “Тошкент почтаси” филиали билан ҳамкорликда “Тошкент шаҳрида ота-она ҳамда болаларнинг мулкий ҳукуқ ва мажбуриятлари бўйича давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарорқабул қилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Суд департаментининг шаҳар ҳудудий бошқармасидан вакиллар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳ раҳбари иштирок этиб, мазкур ҳужжатнинг мазмун- моҳияти ҳақида тушунчалар беришди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”