2017-01-11 13:24:00

ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Фанлар академияси академиклари, директорлар кенгаши аъзолари иштирок этган мажлисда мамлакатимизда фан-таълим соҳасида эришилган ютуқлар, олимлар, ёш тадқиқотчиларга яратилган шарт-шароитлар ва келгуси режалар муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз олимлари бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Табиий фанларнинг асосий соҳалари – астрономия, физика, математика, кимё, биология, фармацевтика, геология, сейсмология ва бошқа жабҳаларда жаҳон миқёсида тан олинган натижаларга эришилди.

Ижтимоий-гуманитар фанлар – тарих, археология, шарқшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик, санъатшунослик ва бошқа соҳаларда ҳам олимлар томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди.

Иқтисодиётнинг минерал-хомашё ресурсларини чиқиндисиз ва самарали қайта ишлаш, қуёш энергетикаси ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё ва биотехнология, қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси ва селекцияси, экология, фармацевтика, тиббий диагностика каби ҳаётий муҳим тармоқларида маҳаллий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари самарали йўлга қўйилган.

Юртимизнинг йирик кимё ва нефть-кимё корхоналарида ишлаб чиқариш маҳаллий инновацион технологиялар асосида ташкил этилди. Натижада 2006-2015 йиллар мобайнида импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди.

Бир қатор радиоизотоплар технологияси яратилди ва уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистондаги даволаш муассасалари ушбу дори воситалари билан таъминланди ва уларни экспорт қилишга ҳам эришилди.

Дунёда биринчи бўлиб ген-нокаут технологияси ёрдамида пахтанинг бир қатор фойдали хусусиятларга эга бўлган ноёб трансген нави (“Порлоқ” серияси) яратилгани республикамиз пахтачилигидаги энг йирик илмий ютуқ бўлди.

Селекционер олимлар мамлакатимизнинг турли иқлим ҳудудларида ғўзанинг 20 та янги маҳаллий навларини равонлаштиришга эришдилар.

30 дан ортиқ номдаги янги маҳаллий дори воситалари яратилди ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди. Улар ҳозирги кунда ички эҳтиёж учун истеъмолга чиқарилмоқда, айримлари эса хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Йиғилишда фундаментал тадқиқотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Ҳозирги пайтда Фанлар академияси ва илм-фан тармоқларини ривожлантиришга қаратилган концепция ишлаб чиқилмоқда.

Илмий муассасалар, олий ўқув юртлари ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар билдирилди.

Асосий вазифа нафақат илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган самарали механизмларни яратишдан иборат.

Фанлар академиясининг академиклари ва республикамизнинг етук олимлари асосий куч сифатида майдонга чиқишди, Фанлар академиясига, шунингдек, унинг раҳбари – академия президентига алоҳида масъулият юкланмоқдаки, бу ундан катта шижоат, ишчанлик ва ҳозирги глобаллашув шароитида жаҳон андозалари асосида илмий-ташкилий фаолият олиб боришни талаб этади.

Мажлисда ташкилий масала кўрилди.

Академик Юлдошев Беҳзод Содиқович навбатдаги муддатга Фанлар академиясининг президенти этиб сайланди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қабул қилинди.

Умумий мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

“Туркистон-пресс”