2017-01-11 13:42:00

“ТОШКЕНТ” РФБ САВДО АЙЛАНМАСИ 2016 ЙИЛДА ЭНГ ЮҚОРИ КЎРСАТКИЧНИ ТАШКИЛ ҚИЛДИ

Тошкент” республика фонд биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажми 2016 йилда биржа фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткични — 299,8 миллиард сўмни ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизматидан маълум қилинишича, мазкур даврда фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони 3080 тани ташкил этган.

2016 йил давомида давлат акция пакетларини сотиш секциясида 22,3 миллиард сўмлик савдо битими, иккиламчи бозор секциясида 205,5 миллиард сўмлик савдо битими, қўшимча чиқарилган акцияларни жойлаштириш секциясида эса 68,0 миллиард сўмлик савдо битими сотилган. Шунингдек, корпоратив облигациялар билан 4,0 миллиард сўмлик битим имзоланган.

Ўтган йилда умумий биржа савдо айланмасида иқтисодиётнинг молиявий тармоғи улуши 51,6 фоиз ёки 154,8 миллиард сўмни ташкил қилган ҳолда, шундан 50,6 фоиз ёки 151,8 миллиард сўмлик қисми тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди.

Шунингдек, ўтган даврда умумий биржа савдо айланмасида агросаноат мажмуасининг улуши ўсганлиги кузатилди. Хусусан, агросаноат мажмуасининг улуши 5,3 фоизни, саноат тармоғининг улуши эса 24,6 фоизни ташкил қилди.

Бундан ташқари, фонд биржасининг 2016 йил умумий савдо айланмаси таркиби инвесторлар тоифасига кўра таҳлил қилинганда, тузилган битимлар умумий ҳажмининг 83,7 фоизи юридик шахсларнинг инвестициялари ташкил этганлигини кўришимиз мумкин. Шундан 50,1 фоизи хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Жисмоний шахсларнинг умумий биржа савдо айланмасидаги улуши эса 16,2 фоизга тенг бўлди, шундан 3,9 фоизи хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

“Туркистон-пресс”