2017-01-12 12:31:00

СУД ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОРИНИНГ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАСИ ИШГА ТУШДИ

Бугунги кунда ҳар бир соҳага интерфаол электрон хизмат турларини татбиқ этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳоли, хусусан, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама кафолатлаш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларида “ишонч телефон”лари йўлга қўйилди. Бу эса ўз ўрнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг ўз вақтида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини тубдан ислоҳ қилиш, комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Мурожаатлар билан ишлашнинг сифатини янада яхшилаш, самарадорлигини ошириш мақсадида департаментнинг расмий www.suddep.uz веб-сайтида Суд департаменти директорининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди.

Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар учун Суд департаменти фаолиятига оид мурожаатларни тезкор, қулай ва замонавий электрон воситалари ёрдамида тўғридан-тўғри виртуал қабулхона орқали йўллаш имкони яратилди.

“Туркистон-пресс”