2017-01-12 12:41:00

ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР — ФАРОВОНЛИГИМИЗ КЎРКИ

Мамлакатимиз қишлоқларида 2009 йилдан эътиборан намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қурилиши кенг миқёсда олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида юртимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида 69,5 мингдан ортиқ уй-жой қурилганининг ўзи ҳам халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашдек эзгу ишларнинг нақадар кенг кўламда амалга оширилгани кўзгусидир.

Бу ўз навбатида 83,5 мингдан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланишига олиб келди. Қишлоқларимиз шаҳар тусини олиб, кишиларнинг турмуш даражаси ошди, ҳаётга иштиёқи кучайди.

Бугунги кунда қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, янги инфратузилмаларни шакллантириш, пировард мақсадда қишлоқ аҳолиси дунёқарашини тубдан ўзгартириш, мамлакатимиз қишлоқлари қиёфасини бутунлай янги бир босқичга кўтаришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилиши давом этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда янги ривожланиш босқичига асос солди. Халқимизга янада қулай имконият ва шароитлар яратиш учун арзон, замонавий, шинам уй-жойлар бунёд этишга киришилди. 2017 йилда диёримиз қишлоқ масканларида 15 мингта ана шундай тураржой барпо этилади. Навоий вилоятида ҳам бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.

— Мамлакатимиз Президентининг мазкур қарорига биноан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида такомиллашган янги лойиҳалар асосида оммабоп уй-жойлар қурилиши режалаштирилди, — дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси Навоий вилоят филиали директорининг иқтисод бўйича ўринбосари Азиз Азимов. — 2017 йил дастури доирасида бизнинг вилоятимизда 24 та массивда 1185 та, шундан, амалдаги лойиҳалар бўйича 469 та 1 қаватли 3, 4, 5 хонали, такомиллаштирилган лойиҳалар бўйича 220 та 1 қаватли, 2-3 хонали, 152 та 2 қаватли, 4, 2 хонадонли, 224 та 2 қаватли, 16 хонадонли уйлар ва 120 та 3 қаватли ижтимоий турар жойлар қурилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Кармана туманининг “Лубатон” массивида 1 қаватли, 3 хонали, 2 сотихли 46 та уй-жой, 2 қаватли 4 хонали, 2 хонадонли (бир-бирига туташтирилган) 2 та уй, 2 қаватли, 16 хонадонли 2 та уй, жами 82 та хонадонга мўлжалланган уй-жойларда ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”