2017-01-12 16:11:00

ЯНГИ ЙИЛДА ЯНГИ ФИЛЬМ ТАҚДИМОТИ

Бугун Алишер Навоий номидаги киносаройининг кичик залида таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Дадам бетоб” бадиий фильмининг киношунослар ва журналистлар учун тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур картина “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган.

Фильм сабр-тоқат ва матонат ҳақида бўлиб, оғир хасталикка учраган турмуш ўртоғи учун дори-дармон топиш илинжида шаҳарга отланган аёлнинг турли қийинчиликларга бардош бериши ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу қаҳрамонга қарама-қарши аламзада, қасос ўтида ёнаётган аёл ҳам курашади. Бир оила бутунлиги, фарзандлари тотувлиги учун курашса, иккинчиси бузғунчи ғояларнинг тантанаси учун кураш олиб бориши тасвирланган.

Премьерадан сўнг фильм юзасидан берилган саволларга кино ижодкорлари атрофлича жавоб беришди.

“Дадам бетоб” бадиий фильми 21 январдан юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири