2017-01-16 15:03:00

ПОЙТАХТИМИЗДА “XXI АСР – ИНТЕЛЛЕКТУАЛ АВЛОД АСРИ” ШИОРИ ОСТИДА КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

Тошкент молия институтида XXI аср – интеллектуал авлод асри” шиори остида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ижрочи директори А.Пардаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиев ва бошқалар мамлакатимизда навқирон авлодни интеллектуал салоҳиятли, зукко қилиб тарбиялаш, уларга пухта билим бериш тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

ЎзА хабарига кўра, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ёшларнинг пухта билим олиши, иқтидорини тўла намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2021 йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисидаги фармойиши бу борада муҳим қадам бўлди.

Президентимиз 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намоёндалари билан учрашиб, таълим тизимини янада ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини такомиллаштириш илмнинг барча соҳаларида фаолият кўрсатаётган олим ва тадқиқотчилар олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Хабарда таъкидланишича, фан ва технологияларни модернизациялашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ёш олимларни тарбиялашга кўмаклашиш, улар ўртасида ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида бешинчи марта ташкил этилган “XXI аср – интеллектуал авлод асри” илмий-амалий конференциясига ана шу талаблар асосида тайёргарлик кўрилди.

Икки босқичда ташкил этилган ёш олимлар анжуманининг ҳудудий босқичлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида ўтказилди. Уларда 1 минг 600 га яқин ёш олим ва талаба ўзларининг илмий мақолалари билан иштирок этди. 

Ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ҳудудий конференциялар якунида 11 тўпламдан иборат материаллар чоп этилиб, таълим муассасаларига тарқатилди. Биринчи босқичда фахрли ўринларни қўлга киритган 122 нафар иштирокчи республика конференциясида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. 

Конференцияда ёш тадқиқотчилар “Ижтимоий-гуманитар фанлар”, “Табиий фанлар”, “Аниқ фанлар”, “Техника фанлари” шўъбаларида ўз илмий изланишларини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, етакчи олий ўқув юртлари олим ва профессорлари, соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама этди. 

Конференция иштирокчиларининг илмий изланишларини келгусида амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, энг яхши илмий мақолалар муаллифлари Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади. 

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат