2017-01-19 14:13:00

“АГРОБАНК” 2017 ЙИЛДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРНИ БЕЛГИЛАБ ОЛДИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан 2016 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2017 йилда режалаштирилган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар банк ўтган 2016 йилда аҳоли ва турли хўжалик субъектларига тезкор ва кўламдор хизматлар кўрсатгани, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини юритаётган ёш оилалар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларни, хизмат кўрсатувчи корхоналарни молиявий рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Бу борадаги ишларнинг аниқ қиймати рақамларда ифодаланса, биргина кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга барча молиялаш манбалари ҳисобидан 1 триллион 209 миллиард сўм кредитлар ажратилгани, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига оид 4 мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш учун 545 миллиард сўм йўналтирилгани ҳам иштирокчилар томонидан банк фаолиятида амалга оширилган ишларнинг миқёсини кўрсатаётганини алоҳида қайд этилди. Натижада эса 24 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган.

Шунингдек, банк фаолияти давомида фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга 109,9 миллиард сўм кредит берилди. Мазкур маблағлар ҳисобига 686 ҳайдов ва чопиқ трактори, 305 комбайн, 70 пахта териш машинаси ҳамда мингдан ортиқ турли қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари харид қилинди. 

“Агробанк” турли учрашув ва аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида тўлиқ тушунтиришлар олиб бораётгани, қисқа муддатда мижозларга кредит маблағлари ажратиш чораларини кўрмоқда. Айни пайтда банкда махсус бошқарма ташкил этилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят бошқармалари ҳамда мавжуд 176 филиалда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун алоҳида бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. 

Қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда 813 аҳоли пункти ва мавзелардаги 361 мингдан зиёд хонадонда сўровлар ўтказилди. Улардан 26 мингдан зиёд хонадон эгалари турли соҳалар билан шуғулланиш истагини билдиргани боис 8 миллиард сўмдан ортиқ сармоя берилди.

Матбуот анжумани сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга банк мутассаддилари жавоб берди.

Баҳридддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири