2017-01-19 16:33:00

СУВЮЛДУЗЛИК ЁШЛАРГА ЯНГИ ИМКОНИЯТ

Андижон вилояти Олтинкўл тумани Сувюлдуз қишлоғидаги 19-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан бунёд этилган спорт мажмуасида қишлоқ ёшларининг ўзлари ёқтирган спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилган.

– Янги ўқув йилида фойдаланишга топширилган барча қулайликларга эга спорт мажмуасида 10 та спорт тўгараклари ишлаб турибди, – дейди мактаб директори Алишер Ҳайитов. Ўқувчилар малакали мураббийлар қўл остида кураш, қўл тўпи, теннис, волейбол ва баскетбол спорт турларидан ўз маҳоратини оширмоқдалар.

 Спорт залидаги мавжуд анжомларни кўриб ҳавасингиз келади. Шунинг учун маскан доим ўқувчилар билан гавжум. Ўқув даргоҳида ҳафтанинг шанба кунида синфлараро турли спорт мусобақалари мунтазам ташкил этиб борилаётгани таҳсинга лойиқ.

– Жамғарма томонидан 679 миллион 947 минг маблағ эвазига фойдаланишга топширилган ушбу спорт мажмуасининг ишга тушиши билан 500 дан зиёд ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратилди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тумандаги вакили Яшарбек Абдураҳмонов.

“Туркистон-пресс”