2017-01-23 16:32:00

“БАРКАМОЛ АВЛОД” МАРКАЗЛАРИ: БОЛАЛАР БАДИИЙ ИЖОДИЁТИГА ЭЪТИБОР ОШАДИ

Юртимизда кириб келаётган йилга ном бериш ва шу йўналишдаги вазифаларни тизимли равишда амалга ошириб бориш анъанага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан 2017 йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, дея ном берилиши кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисми ёшлар. Уларнинг ҳар томонлама пухта билим олиши, жисмонан ва маънан соғлом ўсиши ҳар биримизга, айниқса, таълим соҳаси ходимларига катта масъулият юклайди. Фарзандларимизнинг бекаму кўст вояга етиши учун барча шарт-шароит, имкониятлар яратилган. Шунинг учун ҳам улар ота-оналари, устозлари фахрланадиган муваффақиятларни қўлга киритишмоқда. Бу каби ютуқлар замирида бевосита таълим соҳасида меҳнат қилаётган педагоглар саъй-ҳаракати мужассам.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида педагоглар зиммасига юклатиладиган вазифалар асло кам бўлмайди. Қабул қилинадиган давлат дастурида барча таълим муассасаларининг ўқувчилар, педагоглар жамоаси ҳамда кўп сонли ота-оналар билан олиб борадиган кенг кўламдаги ишлари белгиланади. Хусусан, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фаолият юритаётган республикамиздаги барча “Баркамол авлод” болалар марказлари бу масалага кўпроқ эътибор қаратади.

“Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёти марказида бу масала доимий кун тартибида туради. Ён-атрофимиздаги ва марказ ҳудудидаги умумтаълим мактаблари доимий ҳамкоримизга айланган. Жорий 2016-2017 ўқув йилида ўқувчиларнинг мактабдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали уларни қизиқишлари бўйича касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида тўгараклар турини 36 тадан 58 тага кўпайтирдик. Бу борада фарзанди тақдирига бефарқ бўлмаган ота-оналар билан бамаслаҳат иш юритдик.

Марказимизда ота-оналар учун маслаҳатхона ташкил этилганлиги фарзандининг бўш вақти мазмунли ўтишини истаган ота-оналар учун айни муддао бўлди. Маслаҳатхонада ота-она мураббийлар билан суҳбатлашади, таклифлар беради. Ўз навбатида, тўгарак раҳбарлари фарзандининг мураббийи сифатида ота-оналарга зарур тавсиялар беради ва бу ҳамкорлик самарасиз кетмайди. Ўзаро мулоқот натижасида ўқув йили бошидан буён маслаҳатхонага мурожаат қилган 300 нафар ота-онанинг фарзанди қизиқишига қараб тўгаракларга жалб қилинди. Ота-оналар машғулот жараёнини бевосита кузатиб, фарзанди иқтидорини ривожлантиришда тўгарак раҳбарига ёрдам беришлари учун имкон яратилган. Шундай қилинса, бола истеъдодининг янги-янги қирралари очилади. Қолаверса, педагог ва ота-она ўртасидаги ўзаро мулоқот ҳамиша ўз мевасини беради.

“Баркамол авлод” болалар марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот сифатини яхшилаш мақсадида 2016 йилнинг декабрь ойида Халқ таълими вазирлигининг тегишли вазирлик ва идоралар билан келишувига мувофиқ, мактабдан ташқари таълим муассасаларини жиҳозлаш меъёрлари тасдиқланди. Эндиликда бунинг ижросини таъминлашга киришилди. Айниқса, бадиий ижодиёт йўналишидаги 24 та тўгаракнинг ўқув кўргазмали воситалар билан таъминлангани нафақат педагоглар, балки ўқувчиларга ҳам кенг имкониятлар яратмоқда.

Янги йилда ўқувчиларни “Баркамол авлод” болалар марказларига янада кўпроқ жалб қилиш асосий вазифамиз. Чекка ҳудудлардаги мактабларни қамраб олиш учун кўчма тўгараклар очилиб, ўқувчилар ва ота-оналар манфаатларига хизмат қилмоқда.

Дониёр ЭРМАТОВ,
“Баркамол авлод” республика болалар
бадиий ижодиёти маркази директории

(“Туркистон-пресс”).