2017-01-25 18:40:00

МИЛЛИЙ ҒОЯ ТАРҒИБОТИГА ЗАРУРАТ

Бутун дунёда глобаллашув кетаётган ҳозирги даврда ўқувчи-ёшларни она-Ватанга садоқатли, фидойи, ватанпарвар этиб тарбиялаш мамлакат таълим тизими олдида турган энг долзарб масалалардан бири экани барчага маълум.

Бунга қонуний мақом бериш мақсадида 2001 йил 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” фани бўйича таълим дастурларини яратиш ва республика таълим тизимига жорий этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди. Унга кўра, таълим тизимининг барча босқичларида “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” туркумига кирувчи “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” фанларини ўқитиш жорий этилди. Ўша йилдан бошлаб мамлакатимиздаги педагогика институтларида айнан шу йўналиш бўйича мутахассислар ҳам тайёрлана бошланди.

Бизга мутахассис сифатида яхши маълумки, бугунги ўқувчи улуғ аждодларимиз яратиб кетган маънавий мерос, миллий ва умуминсоний қадриятларни ўрганишда ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, ўзига маъқул ғоя ва қарашларни қабул қилади, уларга амал қилишга интилади. Ўзига маъқул келмайдиган ғоя ва қарашларни эса инкор этади. Соддароқ айтганда, бугунги ахборот босими остида яшаётган ҳар бир ўғил-қиз ўзи ишонган, ўзига фойдаси тегадиган ғоя ва қарашларнигина қабул қилади.

Айни пайтда баъзи таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий тарбияда расмиятчилик, янгиликларни кечикиб етказиш, маънавий таҳдидларни олдиндан кўра олмаслик, унга қарши чоралар қўлламасни билмаслик, тарғиботнинг замонавий усулларидан фойдаланмаслик каби камчиликлар кўзга ташланмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда бугунги кун ўқитувчисида қуйидаги фазилатлар шаклланган бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз: аввало, ўқитувчи ўз ўқувчиларини юртимиз ва дунёда рўй берган янгиликлардан, ижтимоий-сиёсий воқеалардан доимий хабардор қилиб бориши лозим. Бунда ўқувчиларни толиқтирмаслиги, уларнинг диққатини доимий жалб қилиш учун замонавий педагогик технологиялардан, интерфаол усуллардан, тарихий ва ҳаётий мисоллардан ўз ўрнида фойдаланишни билиши, ўқитувчи ўз ўқувчиларидаги мотивларни аниқлаб, уларнинг манфаатларига мос келадиган усулларда (кўнглини кўтариш, фикрини ўзгартириш, Ватан, миллат олдидаги бурчини тушунтириш каби) иш олиб бориб, уларда Ватан ва миллат манфаати йўлидаги масъулият ҳиссини тарбиялаши, технократик маданият тарқалишининг олдини олиш мақсадида ота-оналар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўқувчиларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириши мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш керакки, ёшларда китоб ўқишга қизиқишни кучайтириш ҳар бир ўқитувчи ҳамда ота-онанинг энг муҳим вазифаси бўлмоғи керак. Қолаверса, ўқувчиларни қизиқишлари бўйича турли тўгарак машғулотларига жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, болаларда ахлоқий сифатларни шакллантириш, улар онгига Ватанга садоқат, ор-номус, меҳр-оқибат, шарм-ҳаё, аждодлар хотираси ва ёши улуғларга ҳурмат, тинчлик, озодлик, тенглик, адолат, инсонпарварлик каби миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни сингдириш мақсадида таълим муассасаларида “Икки авлод учрашуви”ларини ташкил этиш орқали ёшларни кекса авлод вакилларининг фикр-мулоҳазалари, ҳаётий тажрибалари билан таништириш, “Оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги”ни мустаҳкам таъминлаш асосида оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда шу орқали баркамол авлодни тарбиялашда муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.

Шариф ҲАМДАМОВ,

Тошкент шаҳар

 Сергели тиббиёт

коллежи ўқитувчиси

(“Туркистон-пресс”).