2017-01-27 16:09:00

БЕРЛИНДА ЎЗБЕКИСТОН 151,2 МЛН ДОЛЛАРЛИК ЭКСПОРТ ШАРТНОМАЛАРИНИ ИМЗОЛАДИ

Берлинда бўлиб ўтаётган Яшил ҳафталикхалқаро ярмаркасининг етти кунлик иши давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо компаниялари, қайта ишловчи корхоналари, вилоятлар ва туманлар ҳокимиятлари ўрта ва узоқ муддатли шартномаларни имзолаш ҳамда 151,2 млн долларлик экспорт келишувларига эришишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Газета.uz” сайтихабар қилмоқда.

«Ўзагроэкспорт» компаниясининг маълум қилишларича, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар 10 дан зиёд давлатлар, жумладан, Германия, Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, БАА ва Туркия вакиллари билан имзоланди.

Жорий йилда “Яшил ҳафталик”да мамлакатимиз делегациясига Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев бошчилик қилди. Берлинда у Германия, Венгрия, Латвия ва Россия қишлоқ хўжалиги вазирлари, Немис иқтисодиёти шарқи комиссияси ижрочи директори ҳамда ГФРнинг қатор ихтисослашган компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Миллий стенд 200 кв.м га яқин майдонни эгаллаган бўлиб, унда янги мевалар, сабзавотлар, полиз экинлари, қуруқ мевалар, ёғ-мой ва виночилик маҳсулотлари, зираворлар, шарбатлар, мурабболар ва консерваланган маҳсулотларнинг кенг ассортименти намойиш қилинмоқда.

“Туркистон-пресс”