2017-01-30 17:19:00

ИЧАН-ҚАЛЪА — ОЧИҚ ОСМОН ОСТИДАГИ МУЗЕЙ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 январь куни Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Президентимизнинг вилоятга ташрифи Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасидан бошланишида ҳам катта маъно бор.

Зеро, очиқ осмон остидаги бу мажмуа диёримизнинг 2500 йилдан ортиқ тарихини, санъатини, маданиятини, қадриятларимизни ўзида мужассам этиб келаётган ўзига хос шаҳар ҳисобланиб, халқимизнинг буюк иқтидори, бунёдкорлигидан сўзловчи, бешафқат даврлар синовларидан омон қолган мўъжизадир.

Миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш,  халқимизнинг тарихига оид билимларини янада бойитишда, шубҳасиз, музейлар муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, музейлар жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини, халқнинг босиб ўтган тарихий тараққиёт йўлини, ўзига хос анъаналари ва қадриятларини, миллий хусусиятлари ҳамда жаҳон тараққиётида тутган ўрнини ҳам ёрқин ифодалаб беради.

Буюк Ипак йўлида жойлашган Хива асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келган. Маълумки, Хиванинг асосий экспонатлари — қалъа девори билан ўралган тўрт дарвозали шаҳар, хонлар саройлари, масжиду мадраса, миноралар ва бошқа қадимий иморатлар ҳисобланади. Ушбу обидаларнинг ичида узоқ мозийдан гувоҳлик берувчи алоҳида музейлар ҳам бор. Қолаверса, жаҳон туризми марказларидан бири саналган ушбу шаҳарда 140 дан ортиқ археологик ёдгорлик ҳамда меьморий обидалар сақланиб қолган. Тарихдан маълумки, ушбу шаҳардан хоразмлик олимларнинг асарлари ва кўпгина ҳунармандчилик намуналари дунёга тарқалган. Ушбу осори атиқалар ҳанузгача Рим, Париж, Лондон, Копенгаген, Берлин, Истамбул, Қоҳира, Санкт-Петербург, Москва ва бошқа шаҳарлардаги йирик музейларни безаб турибди.

Хивада кўҳна обидаларни йиғиш ва ажойибхона ташкил қилишга илк бор XIX аср охирида Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) даврида киришилган. Бунга Хивада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда архитектура ёдгорликлари фотосуратларининг Россия ва жаҳон кўргазмаларида намойиш этилиши сабаб бўлган. 1920 йилга келиб Хивада биринчи бор музей ташкил этилган. Айни пайтда очиқ осмон остидаги музей-шаҳарга “Ичан қалъа” музей-қўриқхонаси мақоми берилган.

Таъкидлаш керакки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан азалий қадриятларимизга, буюк аждодларимиз қолдирган бой маьнавий меросимизга алоҳида эътибор қаратилди. Истиқлол йилларида Хива шаҳри билан бирга “Ичан қальа” ҳам қайта таъмирланди.

1990 йил 12 декабрда Ичан-қалъа инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Ҳозирга кунда музей фондида 38 минг 561 экспонат бор.

Музейнинг энг қадимий экспонатлари, асосан, қурол-аслаҳа, қадимий ҳужжат ва ноёб қўлёзма асарлар бўлиб, бу ерда археологик топилмалар, чунончи, тангалар, муҳрлар, кулоллик, мискарлик, ёғоч ўймакорлиги ҳамда заргарлик буюмлари ўрин эгаллаган. Қадимий Хива гиламлари, чолғу асбоблари, либослар, тўқимачилик буюмлари ҳамда уч мингдан зиёд фотосурат тўпламлари музейнинг фахри саналанади.

Эьтироф этиш керакки, бугунги кунда “Ичан қалъа” нафақат халқимизнинг, балки хорижликларнинг ҳам доимий эьтиборида турган зиёратгоҳлардан биридир. Қадимий ва навқирон Хивага ташриф буюраётган сайёҳлар тарихий обидалар ва музей ашёларини ҳайрат билан томоша қилишмоқда. Бу ерга ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан 50 мингга яқин сайёҳлар келаётгани бутун жаҳоннинг халқимиз тарихи ва бетакрор қадриятларига чексиз ҳурматининг ёрқин ифодасидир.

Музейларнинг аждодларимиз қолдирган бой тарихий меросини халқимизга етказиш, юксак миллий қадриятларимизни тарғиб этиш, ёшларда эзгу фазилатларни камол топтириш, уларда Ватанимизга мехр-муҳаббат туйғуларини уйғотишдаги аҳамиятини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Хоразмда бундай тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бораётир.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири